Кредити борлар четга чиқолмайдими?

Банкдан уч йилга истеъмол кредити олганман. Энди хорижга ишга бормоқчи эдим. Танишларим банкдан кредит олган бўлсанг чет давлатларга чиқишга чеклов қўйилади дейишмоқда. Мен энди хорижга ишлаш учун кетолмайманми?

Қаҳрамон АШУРОВ, Тойлоқ тумани.

Банк билан сиз ўртангиздаги муносабатларнинг барчаси фуқаролик ҳуқуқий шартнома ҳисобланган кредит шартномаси билан тартибга солинган. Эътибор берган бўлсангиз шартномада сизнинг хорижий давлатга чиқишингизга чеклов ўрнатадиган ҳеч бир қоидалар мавжуд эмас. Агар мавжуд бўлган тақдирда ҳам бу ноқонуний ҳисобланади. Конституциямизнинг 32-моддасида «Ҳар ким Ўзбекистондан ташқарига эркин чиқиш ҳуқуқига эга» деб белгилаб қўйилган. Бу дегани кредит шартномасида сизни хорижга чиқишингизни чекланиши бу аввало конституция қоидаларига зид ҳисобланади.

Аммо, вақтинча чекланиши мумкин. Агар қачонки сиз қарзларингизни вақтида тўламаган ва ишингиз мажбурий бюрога ижро учун  оширилган бўлса. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонуннинг 42-1-моддасига асосан суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича қарздорнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Қисқа қилиб айтганда кредит олганингизда хорижга чиқиш ҳуқуқингиз чекланмайди.

Зафар ҚАРШИЕВ,

Ҳуқуқшунос-маслаҳатчи.