Сўровнома натижалари: Болалар ёзги таътилни қандай ўтказяпти?

Телеграм каналимизда «Ёзги таътилда фарзандингиз нималар билан машғул?» номли сўровнома ўтказган эдик.  

Сўровнома натижаларига кўра, иштирокчиларнинг энг катта улуши, яъни 47 фоизи «Китоб ўқийди, репетиторга боради» жавобини танлаган. 27 фоиз кузатувчилар эса фарзанди уй ишларига ёрдам бериши, 22 фоизи спорт тўгараклари ёки машғулотларга қатнаши, 17 фоизи онлайн курслар ёки чет тилларини ўрганишини билдирган.

Обуначиларнинг 15 фоизи «Дўстлари билан ўйнайди, телефон ва интернетда вақт ўтказади» деган бўлса, 10 фоизи яқин қариндошларникида дам олиши,  9 фоизи саёҳатга бориши ва 6 фоизи ижодий тўгаракларга (расм, мусиқа, рақс ва бошқалар) қатнашини маълум қилган.
Сўровнома натижалари шуни кўрсатадики, ёзги таътил аксарият оилалар учун фақат дам олиш эмас, балки фарзандларнинг билим ва кўникмаларини ошириш даври сифатида ҳам қаралмоқда. Иштирокчиларнинг 47 фоизи фарзанди китоб ўқиши ва репетиторга қатнашини билдиргани фарзандининг таълимига эътибор юқори эканини англатади.

Шу билан бирга, ота-оналарнинг бир қисми фарзандларини уй ишларига жалб этиши, спорт билан шуғулланиши ва онлайн курслар ёки чет тилларини ўрганишини қўллаб-қувватлаётгани ҳам қувонарли ҳолат. Бироқ натижалар айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Хусусан, иштирокчиларнинг 15 фоизи фарзандлари асосан телефон ва интернетда вақт ўтказиши ёки дўстлари билан ўйнашини билдирган. Агар бу жараён назоратсиз кечса, болаларнинг виртуал оламга берилиши, вақтдан самарасиз фойдаланиши ва таълим ёки жисмоний фаолликнинг камайишига олиб келиши мумкин.

Бундан ташқари, ижодий тўгаракларга қатнашувчилар улушининг атиги 6 фоизни ташкил этгани болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётганини кўрсатади. Саёҳат ва маданий-маърифий тадбирларда иштирок этаётганлар сони ҳам нисбатан кам бўлиб, бу фарзандларнинг дунёқарашини кенгайтириш имкониятлари чекланганини англатишига ишора.

Фазлиддин Рўзибоев.