Кредитларни тўлаш муддатини ўзайтириш тартиби маълум бўлди

Марказий банк коронавирус пандемияси оқибатида тижорат банклари томонидан кредитларнинг тўлов муддатларини узайтириш тартиби тўғрисидаги ахборот берди.

Маълум қилинишича, коронавирус пандемиясининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида кредитларни қайтариш билан боғлиқ салбий оқибатларни юмшатиш мақсадида уларнинг кредит тўловлари муддатларини узайтириш юзасидан мурожаатларини кўриб чиқишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш бўйича кредит ташкилотларига кўрсатмалар берилган.

Бунда кредит ташкилотларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кредит тўловлари муддатларини узайтиришда фақат мурожаатномани тақдим этиш билан чекланиб, мурожаатномада:

– кредит тўловларини узайтириш юзасидан асослантирилган изоҳ;

– карантин даври якунлангандан сўнг кредит ташкилоти томонидан белгиланган муддат ичида кредит шартномасига киритиладиган ўзгартиришларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштириш юзасидан қарздорнинг мажбурияти қайд этилиши лозим, дейилади МБ ахборотида.

Шунингдек, карантин даври тугагандан сўнг белгиланган муддат ичида қўшимча ҳужжатларни қонунчиликка мувофиқ расмийлаштирилмаган тақдирда кредит шартномасига киритилган ўзгаришлар кредит ташкилоти томонидан бекор қилиниши ва дастлабки шартнома шартлари кучга киришини маълум қилинди.