Куй ва соз сеҳри билан халқимизга мадад бўлайлик

Бутун дунё аҳолининг соғлигини асраш, мустаҳкамлаш учун курашмоқда. Бу борада юртимизда ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда маҳаллий мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тизимли фаолият олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков маданият ва санъат аҳлига йўллаган мурожаатида, ҳар куни минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритаётган коронавирусдек ашаддий заҳри қотилни енгишда ҳар биримиз ўзимизнинг бор куч-ғайратимизни, матонатимизни намойиш этишимиз лозимлигини, шундай вазиятда маданият ва санъат соҳаси вакиллари ҳам бир тану бир жон бўлиб бу офатни енгишда ўз ҳиссасини қўша олса, она Ватан ва халқ олдидаги бурчини адо этишини, санъат аҳлини соз ва сўз сеҳри ила халқимиз дардига малҳам бўлиб, иқтидор ва маҳоратини шифо йўлида сарф қилишлигини таъкидлади.

Шундай экан, бугунги синовли кунларда биз маданият ва санъат аҳли ҳам халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ва ҳаётга муҳаббатини ошириш учун ҳам ҳузурбахш наволар, ёқимли оҳангларга лиммо-лим бўлган, инсонларда ҳаётни севишга чорловчи куй-қўшиқлар яратишимиз, халқимиз кўнглини кўтаришга ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Самарқанд вилоятида ҳам эл севган ва таниқли санъаткорларимиз томонидан ўз уйларида жонли ижрода куйлаётган қўшиқлар ва онлайн концерт дастурлари вилоят телерадиокомпанияси томонидан эфирга узатилаётгани халқимизга манзур бўлмоқда. Ўзбекистон давлат филармонияси вилоят бўлинмаси қошидаги “Ашула ва рақс” ансамблининг “Соғинч”  ҳамда  Ўзбекистон халқ артисти Мардон Мавлонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров, “Отажон Худойшукуров қўшиқлари” республика танлови ғолиби, хонанда Хушнуд Эштўхтаевларнинг “Биз сиз учун куйлаймиз – сиз уйда қолинг”,  деб номланган жонли ижродаги онлайн концерт дастурлари шулар жумласидан. Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти, Самарқанд давлат университети профессори Абдурашид Эргашев вилоят телевидениесида бугунги карантин пайтида маданият ходимлари, санъаткорлар томонидан амалга оширилаётган ижобий ишлар, улар олдида турган долзарб вазифалар ҳақида ўз фикрларини билдирди. “Ниҳол” мукофоти совриндори Анвар Мирзаев карантин пайтида ўзининг “Ватан учун”, Ўзбекистон давлат Филармонияси Самарқанд вилоят бўлими раҳбари Жаҳонгир Ниёзов рафиқаси – Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси Озода Ниёзова билан биргаликда “Раҳмат, шифокорларга”  ҳамда  “Эй фалак” номли янги қўшиқларини эълон қилди. Бу анъана давом этиб, вилоятимиздаги барча санъаткорлар томонидан жонли ижрода онлайн концерт дастурлари ташкил этилмоқда.

Демоқчимизки, дунёни ларзага солиб турган коронавирус пандемиясининг хавф-хатари, инфекциянинг тарқалиб кетишини олдини олиш бўйича давлатимиз томонидан амалга оширилаётган тадбирлар, шифокорлар тавсиясига қатъий амал қилиш баробарида халқимизга манзур бўладиган куй-қўшиқлар яратишимиз, ёш истеъдодларни бунданда қўллаб-қувватлашимиз лозим.

Рустам ҲАЙИТОВ,

вилоят маданият бошқармаси бўлим бошлиғи.