Куз-қиш мавсумига тайёргарлик қоғозлардами ё ҳақиқат: ойдинлик фурсати яқин

Аслида мавсумга тайёргарлик ўз-ўзидан бўлмайди. Масала юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 6 июлдаги қарори билан куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш, истеъмолчиларга ёқилғи ресурсларини етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Хўш, бу вазифалар қай даражада бажарилди?

Маълум қилинишича, аҳолидан келиб тушадиган мурожаатларни тезкор ҳал этиш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли фармойишига асосан коммунал, ижтимоий соҳа ва бошқа тегишли ташкилотлар вакилларидан иборат кун-у тун ишлайдиган вилоят, шаҳар ва туман штаблари ташкил этилган. Юзага келиши мумкин бўлган авариявий ҳолатларни тезкор бартараф этиш мақсадида коммунал соҳа ташкилотларида зарурий асбоб-ускуналар захираси яратилиб, авария бригадалари шай ҳолатга келтирилган.

Электрда муаммо бўлмайди(ми?)

Очиқ маълумотларда соҳалар кесимида мавсумга ҳар томонлама тайёргарлик кўрилгани қайд этилган. Мисол учун, жорий йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоятда режадаги 3004 ўрнига 3052 километр электр узатиш тармоқлари, 1243 дона трансформатор пункти мукаммал таъмирланган. 

Бундан ташқари, октябрь-декабрь ойлари учун қўшимча чора-тадбирлар режасига асосан, 2 та 63 000 кВалик, 8 та 40 000 кВалик ва 2 та 16 000 кВалик катта қувватли куч трансформаторлари ўрнатилиб, ишга туширилган ҳамда 166 та ҳар хил қувватли трансформаторлар, 12 696 та темир-бетон устунлар, 684,7 километр ҳаво тармоқлари янгидан қурилган.

Мавсумни беталафот ўтказиш ва аварияларни тезкор бартараф қилиш учун турли қувватдаги 56 дона трансформатор, 18 тонна сим ва 60,2 километр кабел, 2000 дона устун, 60 тонна трансформатор мойи ва бошқа зарур воситалар захираси яратилган.

Табиий газ бўйича ҳам шу гап

Рост, мавжуд маълумотлар ва берилаётган ҳисоботлар шу қадар жозибалики, жорий йилги мавсумда ҳеч қандай ғалва бўлмаслигига беихтиёр ишониб кетасиз. Зотан, кўп қаватли уй-жойларнинг 34 минг квадрат метр том қисми, 60 тасининг фасади, 95 та ертўласи ва 3300 та электр шитлари, шунингдек, 106 та ижтимоий соҳа объектлари таъмирланган.

Маълумотларга кўра, 44 та газ тақсимлаш қурилмаси, 12 километр газ тармоқлари мукаммал (жорий таъмирларни майли, ҳисобга олманг) таъмирланган.

Захира ҳам чаккимас: 712 метр қувур, 270 килограм карбид, 3400 дона газ баллон.

Албатта, ҳар икки соҳадаги ишларни яхши ёки ёмон дейиш фикридан йироқмиз. Аксар ҳоллардаги сингари хулосани ўқувчиларга қолдириш ниятимиз ҳам йўқ. Негаки, ўтаётган ҳар бир кун тобора ҳарорат тушиб бораётганини кўрсатиб турибди. Демак, ҳисоботларга, мутасаддиларнинг масъулиятига баҳо узоқ эмас, яқин кунларда аниқ бўлади.

Муддаомиз эса шу - ўша вақтда ҳеч ким ер чизиб қолмасин!?

Кўмир кўп...

Яқинда имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган кўмирни сотаётган омбор мудири ва қоровули ушланди. Унда омбор мудири Ж.П. сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, эҳтиёжманд оилаларга имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган 50 тонна кўмирни А.А.га 37,5 миллион сўмга сотишга келишиб, шундан 13,2 тонна кўмирни омбор қоровули Х.Ж. ёрдамида етказиб бериб, келишилган пуллар ҳисобидан 28 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Маълумотларга кўра, вилоятдаги 8 та кўмир омбори ва 4 та шохобчасида етарлича захира яратилган. Шу кунгача аҳолига  82 минг тонна ёки режанинг 50 фоизидан кўпроқ кўмир етказиб берилган. Бу ҳол балки юқоридаги каби қинғирликлар оқибатидир, деган фикр уйғотади. Қолаверса, бюджет ташкилотларига 64 минг тонна, аниқроғи, 100 фоиз кўмир етказиб берилганига шубҳа туғдиради.

Ресурслар иқтисод қилинади

Яна бир муҳим масала - энергия ресурсларини иқтисод қилиш бўйича ҳам амалий чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жумладан, мавсум бошидан бери 650 миллион кВт соат электр энергияси ҳамда 156 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинган.

Иқтисод қилинган электр энергиясининг 84 миллион кВт соати қуёш панеллари ўрнатиш ҳисобига тўғри келган.

Жумладан, аҳоли хонадонларида 22 миллион, ижтимоий соҳа объектлари ва давлат идораларида 17 миллион, тадбиркорлик субъектларида 45 миллион ва янги қурилган кўп қаватли уй-жойларнинг том қисмида 500 минг кВт соат қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилган.

Иссиқлик таъминоти...

Октябрь-декабрь ойлари учун қўшимча чора-тадбирлар режаси асосида даврийлиги 70 кундан ошган 16078 та истеъмолчига суюлтирилган газ маҳсулоти етказиб берилган.

Ҳа, аслида бу оддий ҳол - 16 мингдан ортиқ истеъмолчи 70 кун газ баллонини алмаштиролмаган. Лекин қайси мутасадди, қачон бу рост эканлигини тан олган. Йўқ, ҳамма гап шунда - муаммо аниқ, лекин у эсга олинмайди. У ҳақда гапирилмайди.

Кўп қаватли уйларни иссиқлик билан таъминлаш бўйича... қўйинг, яхшиси бу ҳақда ёзмайлик. Шусиз ҳам ҳаммаси аён-ку!

Ёқубжон МАРҚАЕВ.