“Ленинград-Тошкент-Самарқанд: ғалаба йўлида”
Пойтахтимизда ЮНEСКО Фан, маданият, таълим ва санъат арбоблари халқаро ассоциацияси ташаббуси билан шу мавзуда конференция бўлиб ўтди.
Ленинград қамалининг 80 йиллигига бағишланган тадбирда ўзбекистонлик фан, маданият ва санъат намояндалари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Тадбирни ассоциация президенти Александр Кошурко очди ва ўзи вакиллик қилаётган ташкилот фаолиятига тўхталиб, келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди. Ўзбекистонлик олимлар билан ҳамкорлик ҳақида гапириб, бундай анжуман қадимий Самарқандда ҳам ўтказилганини таъкидлади.
Таниқли ўзбекистонлик санъаткор Муҳаммад Фозилий, Алишер Навоий номидаги Самарқанд давлат университети профессори Саховат Ожиев, устоз Султон Ханкишиев ва бошқалар ўз чиқишларида Ўзбекистон илмий доираларининг ассоциация билан ҳамкорлиги ҳақида сўз юритиб, келгусида муносабатлар янада ривожланиб боришига ишончини таъкидлашди.
Тадбирда Александр Кошурко Саховат Ожиев ва Маҳаммад Фозилийга ташкилотда хизмат кўрсатган фан арбоби унвони берилгани муносабати билан тегишли гувоҳнома ва кўкрак нишони, уста Алиасқар Жухтаровга ассоциацияга аъзолик гувоҳномаси топширилди.
Тадбир якунида Саховат Ожиев Александр Кошуркога Бокудаги “Мутаржим” нашриётида чоп этилган “Ватан соғинчи” номли шеърий тўпламини совға қилди.