Маданият маҳалласида маданият қолмадими?

Айни кунларда юртимиз бўйлаб "Жонажон юртим ободлигига ўз ҳиссамни қўшаман" шиори остида "Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон" акцияси ўтказилмоқда.

Акция доирасида Пайариқ туманининг барча маҳаллаларида ҳам ободонлаштириш ишлари давом этмоқда. Маҳалла ҳудудлари тозаланмоқда, кўча атрофи дарахтлар оқланиб, кам таъминланган фуқароларнинг уйлари ҳашар йўли билан таъмирланмоқда.

Аммо айрим маҳаллалардаги аҳвол ачинарли эканлиги кўнгилни хира қилади.

Жорий йилнинг 10 июль куни тумандаги Маданият маҳалласига ташриф буюрган туман ҳокимлиги вакиллари

маҳалла идорасидаги ҳолатни кўриб, "Бу ерга анчадан буён одам кирмаган бўлса керак" деган хаёлга боришди. Сабаби, хоналарнинг бир аҳволда эканлиги, иш ҳужжатлари бир бор кўздан кечирилмаганлигини чанг босиб, қават-қават бўлиб, бир бурчакда турганлигидан англаш қийин эмас. Республикамизда айни "Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон" тамойили асосида иш кетаётган бир пайтда Маданият маҳалласининг маданияти йўқолиб қолдими ёки ишлар маҳаллада ҳаминқадар олиб бориладими?

Ахир ҳар ким ободончиликни ўз уйидан бошламайдими? Бу масканга қанчадан-қанча фуқаролар ташриф буюради-ку. Наҳотки Маданият маҳалласида аҳвол шу бўлса?..

Пайариқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.