Мадина Мухторованинг ўғли ҳақиқатдан ҳам калтакланганми? Ички ишлар вазири ўринбосари вазиятни назоратга олди

Ижтимоий тармоқларда актриса Мадина Мухторованинг кенжа ўғли акаси томонидан калтаклангани ҳақида хабар ва видео тарқалди. Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, ушбу факт Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари – Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Р.Жўраев томонидан назоратга олинди. Ҳозирги вақтда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов олди суриштируви ўтказмоқда.

Бундан ташқари, кеча, 3 январь куни соат 19:15 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида Тошкент шаҳар ИИББга уч нафар аёллардан бири ўзини Саодат Абдузакирова деб таништириб, ўсмирга тан шикастлари етказилган факти бўйича қандай чоралар кўрилаётганини маълум қилишни талаб қилди. С.Абдузакирова билан Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги тергов бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник В.Талибжанов ва ташкилий бошқарма бошлиғи ўринбосари, подполковник Ш.Алимов суҳбатлашди. Улар мазкур ҳолат бўйича терговолди текшируви олиб борилаётганлигини маълум қилишди.

Шунингдек, ушбу ҳолат ижтимоий резонансга сабаб бўлганлиги сабабли 4 январь куни соат 12.00 да Юнусобод тумани ИИО ФМБ 7-сон ички ишлар бўлимида журналист ва блогерлар учун брифинг ўтказилиши ҳақида маълум қилинган.