Олти ойда республика миқёсида 45 630 та жиноят содир этилган

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг 6 ойида республика миқёсида содир этилган умумий жиноятлар сони 45 630 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 132 тадан тўғри келган. Ўтган йилга нисбатан 111,9 фоизга ортган.

Ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрига 383,3 тадан, Фарғона вилоятига 223,4 тадан, Тошкент вилоятига 168,4 тадан, Сирдарё вилоятига 151,4 тадан тўғри келиб, республика миқёсида салбий кўрсаткич қайд этилган.

Олди олиниши мумкин бўлган 217 та қотиллик, 4 137 та тан жароҳати етказиш, 135 та босқинчилик, 1 100 та безорилик, 7 618 та ўғрилик, 9 439 та фирибгарлик жинояти содир этилишига йўл қўйилган.

Бундан ташқари, 6 мингга яқин (5 837 нафар), айниқса, Андижон (1130), Тошкент (709), Фарғона (602) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (595) ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилиб, жойларда аҳолининг бандлигини таъминлаш ишлари самарасиз ташкил этилганлигидан далолат беради.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда.

Жумладан, 2021 йил 6 ойида оилавий муносабатлар доирасида содир этилган жиноятларнинг 77 таси қотиллик, 798 таси тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлардир.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 9 575 та оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 70 фоизи Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 236 нафар хотин-қиз томонидан 1 163 та  жиноят содир этилган.