Т.Норбоева: "Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича таклифларнинг қарийб 70 фоизи 18–30 ёш оралиғидаги аҳолига тегишли"

Сенат раиси айни пайтда давом этаётган ялпи мажлисда бугунги кунда долзарб бўлиб турган конституциявий ислоҳотларга алоҳида тўхталди.

- Олий Мажлис палаталарининг жорий йил 20 майдаги қўшма қарори билан шу масала юзасидан келиб тушадиган таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Конституциявий комиссия тузилган эди. Шу кунгача комиссия уч марта йиғилиш ўтказди.

Ўтган қисқа вақт ичида 20 мингдан зиёд таклиф келиб тушган. Таҳлил этадиган бўлсак, индивидуал, жамоавий (корхона ва ташкилотларнинг меҳнат жамоаларидан), сиёсий партиялар, фаол блогерлардан таклифлар келиб тушаётганини кузатиш мумкин. Бу, албатта, Конституциямизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурияти халқимиз томонидан нафақат тўғри қабул қилинаётганини, балки бу жараёнда уларнинг қанчалик фаол иштирок этаётганини англатади.

Ушбу жараён бизга аҳолининг ёш жиҳатидан қайси қатлами сиёсий фаол эканини ҳам кўрсатмоқда. Келиб тушган таклифларнинг қарийб 70 фоизи 18–30 ёш оралиғидаги аҳолига тегишли.