Ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Сенатнинг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, ўтган йиллар мобайнида мамлакатда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида тизимли ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу Қонун ана шу ислоҳотларни яна бир бор мустаҳкамлашга қаратилган.
Қонун билан назарда тутилган биринчи йўналиш – Жиноят кодексининг ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ жиноятнинг жазо чоралари кучайтирилмоқда.
Иккинчи йўналиш эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар органлари ходими ёки Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси (ходими)нинг қонуний талабларини бажармаганлик, уларнинг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатганлик ва ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.