“Маҳалла бюджети”: Янги тизим қандай ишлаяпти? Ундан ким, қандай фойдаланяпти?

Яқин-яқингача маҳаллаларда молиявий ва маъмурий ресурс мавжуд эмас эди. Ҳатто ижтимоий ҳимояга муҳтожларга моддий ёрдам ажратиш ҳам беш босқичдан иборат узоқ жараённи талаб қилган.

Бу эса маҳалла институти фаолиятининг самарадорлиги ва мустақиллигига салбий таъсир қилиб, фаолларнинг “ҳомий” излаши, аниқроғи, тадбиркорлар олдида изза бўлишига олиб келарди.

2022 йилда эксперимент тариқасида солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда, хусусан, Ургут туманида йўлга қўйилган ва жорий йилнинг 1 январидан барча туман ва шаҳарларда жорий этилган “Маҳалла бюджети” тизими айни муаммонинг ечими бўлиши кутилмоқда. Хўш, янги тизим қандай ишлайди? У орқали маҳаллалар молиявий мустақилликка эришадими? Мақолада шу ва бошқа саволлар атрофида маълумот тўплашга ҳаракат қилдик.

“Маҳалла бюджети” ўзи нима?

Мазкур лойиҳанинг мақсади маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғини йиғиш кўрсаткичларини ошириш орқали янги ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга қўшимча маблағларни жалб қилишдир. Содда қилиб айтганда, маҳалла фаоллари бунгача ҳам аҳолидан мол-мулк ва ер солиғини йиғиш ишларига бош-қош бўлган бўлса, энди уларнинг айни хизмати учун солиқларнинг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади.

Мазкур тартиб илк марта 2022 йилда эксперимент тариқасида йўлга қўйилиб, “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан янада такомиллаштирилди.

Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этиш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, жамғармалар юридик шахс ҳисобланмайди ва ҳар бир маҳалла органи ҳузурида ташкил этилади. Унинг маблағлари жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи бўйича ундирилган маблағларнинг (нотураржойлар бўйича ундириладиган мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) 10 фоизи, маҳалла идоралари орқали кўрсатилган давлат хизматлари учун ундирилган йиғимнинг 10 фоизи ҳисобидан шакллантирилади. Бундан ташқари, маҳалладаги ҳудуди 2000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектларини ҳоким ёрдамчисининг онлайн-буюртманомасига асосан тўғридан-тўғри электрон онлайн-аукцион савдолари орқали сотишдан тушадиган, маҳалланинг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинадиган маблағлар ҳам мазкур жамғармага тушади. Унга маҳаллий бюджет прогнозининг ортиқча бажарилган қисми ҳисобидан, хорижий ва халқаро молия институтлари ҳамда бошқа хорижий донорларнинг техник кўмак маблағлари ва грантлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳисобидан маблағ ажратилиши ҳам мумкин.

Жамғарма маблағларидан маҳалла фуқаролар йиғини кенгаши қарори асосида фойдаланилади.

Маблағ талон-торож бўлмайдими?

Бу кўпчиликнинг хаёлига келадиган асосий саволлардан бири. Жамғарма маблағини қандай ишлатиш маҳалла фаолларининг ихтиёрида экан, у манзилига етиб бормаслиги ҳам мумкин-ку.

Тўғри, жамғарма маблағлари маҳалла эҳтиёжи учун ишлатилади, лекин ундан фойдаланиш учун бир киши эмас, “еттилик” розилиги зарур. Унинг ичида профилактика инспектори ҳам бор. Жараёнда адолатни таъминлашда ўзаро тийиб туриш тамойили ишлайди.

Яқинда вилоятдаги маҳаллалардан бирининг раисидан жамғармадаги маблағни қандай мақсадда ишлатяпсиз, деб сўраганимизда, “Бу пулни ишлатиш қийин экан. Кенгаш қарорини чиқариш, смета қилиш, ҳисобот ёзиш керак. Яхшиси тадбиркорларимга айтаман, керагидан ортиғи билан ташлаб кетади”, дея жавоб берган эди. Айнан шу жавоб юқорида айтилган фикрнинг амалий исботи. Агар маблағ аниқ мақсадга ва ҳисоб-китобли йўналтирилса, муаммо йўқ. Низомга кўра, бунинг учун маҳалладан фақат Маҳалла уюшмасига асословчи тегишли ҳужжатларни (фуқаролар йиғини кенгаши қарори ва бошқа ҳужжатлар) илова қилган ҳолда талабнома тақдим этиш талаб қилинади. Халқ пулининг ҳисоби борлиги, жараён шаффофлиги айримларга ёқмаётганлиги бор гап.

Ҳужжатда жамғарма маблағларини қайси йўналишларга сарфлаш мумкинлиги ҳам аниқ белгилаб қўйилган. Бунга:

- маҳалла ҳудудидаги ички йўллар, пиёдалар йўлакчалари, ёритиш тизими, электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқлари, ичимлик ва оқова сув тизимини таъмирлаш ва тиклаш;

- маҳалла фуқаролар йиғини биноси, маҳалла ҳудудида жойлашган спорт майдони, нуронийлар чойхонаси, ёшлар маркази, болалар майдончаси, кутубхона, маданият марказини қуриш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентарь, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш;

- ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда уларнинг тураржойларини таъмирлаш ва жиҳозлаш;

- маҳалла ҳудудида инфратузилмани ривожлантириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш ва бошқа тадбирлар киради.

Ундан ким, қандай фойдаланяпти?

Шаффофлик масаласига келсак, “Маҳалла бюджети” тизими Ўзбекистон Республикаси “Очиқ бюджет” порталига уланган. Бу платформада фуқаролар ўз маҳалласи жамғармасига тушган маблағ ва унинг қандай мақсадда сарфланаётганини кузатиб бориши, жараён устидан тўлиқ жамоатчилик назоратини ўрнатиши мумкин.

Жорий йилнинг 25 ноябрь ҳолатидаги маълумотга кўра, республика бўйича жамғармаларга жами 327,7 миллиард сўм тушган бўлиб, шундан 143,2 миллиард сўми сарфланган. Вилоятимиз мисолида айтадиган бўлсак, тушум 42,1 миллиард сўмни, харажат эса 17 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Аҳамиятлиси, тушумнинг 3,8 миллиард сўми маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан.

Хўш, 17 миллиард сўм қаерга сарфланди? Харажатлар кўрсаткичида энг кўп маблағ маҳалла фуқаролар йиғини биносини жиҳозлаш учун (8,8 миллиард сўмдан ортиқ) сарфланганини кўриш мумкин. Кейинги ўринларда маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш (4,8 миллиард сўм), ёритиш тизими ва электр энергияси таъминотини яхшилаш (2 миллиард сўм) ва бошқа харажатлар турибди.

- Маҳалламиз марказдан узоқда жойлашган, - дейди Иштихон туманидаги Қиёт маҳалласи раиси Толлибой Норқулов. – Шу боис тадбиркорлик ривожланмаган. Яқингача маҳалла фаровонлиги билан боғлиқ бирор харажатли иш чиқса, маблағни қаердан олишни билмай бошимиз қотарди. Мана, муаммо ҳал бўляпти. Бугунгача жамғармамизда 57 миллион сўмдан ортиқ маблағ йиғилди. Маҳалладошлар билан кенгашиб, унинг 30 миллион сўмига маҳалла идорасига қуёш панелларини ўрнатишга қарор қилдик. Бу орқали бинода тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўндан ортиқ хотин-қизлар учун ҳам қулай шароит яратилади.

Оқдарё туманидаги Амир Темур маҳалласи 8 та қишлоқдан иборат, 6400 нафардан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Ҳудуддаги энг катта муаммолардан бири электр таъминотидаги узилишлар. Яқинда маҳалла фаоллари жамғарманинг 40 миллион сўм маблағига 31 та бетон устун харид қилиб, бир нечта кўчасига ўрнатди.

- Бунгача маҳалланинг харажатли иши икки йўл билан ҳал бўлар эди, - дейди мазкур маҳалла раиси Ҳусниддин Эгамқулов. – Бири, “Опен бюджет”да ютиш, иккинчиси, раиснинг тадбиркорлар олдида изза бўлиши. Очиқ, аммо аччиқ ҳақиқат шу. “Маҳалла бюджети” тизими янги имкониятларни яратмоқда. Маҳалламиз мисолида айтадиган бўлсам, ташаббусли бюджетда ютиб ололмаган лойиҳамизни маҳалла бюджетидан бажаришга киришдик. Фуқаролар ҳам бундан хурсанд.

Айтиш жоизки, жамғармаларда ишлатилмай қолган маблағ сақланади. Яъни, маҳаллангиз бу йил ундан фойдаланмаган бўлса, келаси йил кўпроқ маблағ билан каттароқ лойиҳани амалга ошириш имконияти бор.

Асқар Баротов.