Маҳалла раисининг виждони уйғоқ, тафаккури юксак, дунёқараши кенг бўлиши керак

Маҳаллани ўзига хос кичик мамлакат дейиш мумкин. Чунки унинг ўз ҳудуди, чегараси, аҳолиси ва ўзига яраша муаммолари бор. Жумладан, вилоятимиздаги мавжуд 1097 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўзига яраша муаммо, камчиликлар йўқ эмас.
Жумладан, жорий йилнинг бошида вилоятимизда 37 мингдан ортиқ камбағал оила мавжуд эди. Фаолиятимизнинг дастлабки кунларидан асосий эътиборни шу оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга, одамларни иш билан таъминлашга, хотин-қизларни касбга ўқитишга қаратдик.
Фуқаролар йиғинлари фаолиятини рейтинг асосида баҳолашда мазкур йўналишларни энг асосий мезон сифатида белгилаб олдик. Рейтинг баҳолашнинг якуний натижаларига кўра, мавжуд 1097 фуқаролар йиғинидан 226 таси ёки 20,6 фоизининг фаолияти «намунали» баҳоланди. 504 (45,9 фоиз) маҳалла фаолияти «яхши» ҳамда 338 (30,8 фоиз) фуқаролар йиғинининг фаолияти «қониқарли» бўлди. 29 (2,6 фоиз) маҳалла фаолияти эса «қониқарсиз» баҳо олган.
Вилоят бандлик бошқармасининг туман ҳамда шаҳарлардаги ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда уйма-уй юриш орқали ўзини ўзи банд қилишни таъминлаш мақсадида ёрдамга муҳтож оилалар, хотин-қизлар аҳволи атрофлича ўрганиб чиқилди. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 73 минг 619 нафар шундай фуқаро аниқланди. Шунингдек, ишсизлик даражаси юқори бўлган 954 маҳалла рўйхати шакллантирилди.
Барча муаммоларнинг бош илдизи - ишсизлик
Айтиш жоизки, маҳаллалар ва оилалардаги муаммоларнинг бош илдизи - ишсизлик. Шуни ҳисобга олган ҳолда асосий эътиборни мазкур масалага қаратдик.
Аёлларни касбга ўқитиш бўйича жами 4 минг 433 нафар талабгор рўйхати тузилган бўлса, шундан 1 минг 312 нафари касб ўрганиш истагини билдирган хотин-қизлар, 346 нафари эса тадбиркорлик қилиш мақсадида бизнес-лойиҳаларини тақдим этган аёллардир. Бу аёллар учун маҳалла бинолари, умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар мактабларида алоҳида ўқув хоналари ташкил этилди. Мазкур ўқув марказларида 1 минг 797 нафар ишсиз хотин-қиз ўқитилиб, уларга тегишли малака ва кўникма берилди.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд оилалардаги 1 минг 156 нафар аёлга 25,6 миллиард сўмдан зиёд, шу жумладан, ҳунармандчилик учун 55 нафар хотин-қизга 7 миллиард 909 миллион сўм, тадбиркорлик қилишни хоҳловчи ишсиз 69 нафар аёлга 1,5 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилган.
Аниқланган 47 минг 770 камбағал оиланинг ҳар бири билан индивидуал суҳбат ўтказиш, уларнинг ҳолати, имконият ва қизиқишларини ўрганиш асосида ҳар бир маҳаллада манзилли ишларни ташкил этишга қаратилган «йўл хариталари» ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, вилоятдаги эҳтиёжманд оилалардаги 2 минг 517 нафар кам таъминланган, 2 минг 139 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда 9 нафар меҳнатга лаёқатли, ногиронлиги бўлган фуқаролар бандлиги тўла таъминланди.
Комиссиялар энди қоғозда эмас, амалда ишлаяпти
Илгари қоғозда «фаолият» кўрсатган қатор комиссиялар тугатилди. Вилоятдаги барча маҳаллаларда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссиялари фаолияти йўлга қўйилди ва бу комиссияга психологлар, дин уламолари, нуроний онахон ва отахонлар жалб қилинди. Мазкур комиссиялар иштирокида йиғинларда тўй-ҳашамлар, таваллуд кунлар ва марҳумлар хотираси билан боғлиқ маросимларни ихчамлаштириш, исрофгарчилик ҳамда бидъат ва хурофотларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ташкил этилди.
Вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида «Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш маркази” фаолият юритиб келмоқда. Бу марказлар орқали бугунгача 300 нафар шахсга психологик, 67 нафар кишига тиббий, 253 нафар фуқарога ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
Хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида оилаларда ушбу ҳолатларни содир этишга уриниш аниқланганда, маҳалла фаоллари томонидан профилактика инспекторига хабар бериш тизими йўлга қўйилди. 321 нафар тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордери берилди. ажралиш ёқасига келиб қолган 552 оила яраштирилди, 885 оиланинг никоҳи қонунийлаштирилди.
Ҳа, деган туяга мадад
Ҳозирги кун ҳолатида 75 минг 414 оилага 56 миллиард 415 миллион сўм миқдорида кўмак кўрсатилди. Шундан 25 минг 165 оилага озиқ-овқат маҳсулотлари, 274 оилага нақд пул, 416 оилага дори-дармон, 1 минг 573 оилага чорва моллари берилди. Шунингдек, 898 оилага салкам 1,5 миллиард сўм миқдорида бошқа ёрдамлар кўрсатилди.
Президентимизнинг 2020 йил 26 августдаги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида 31 минг 760 та эҳтиёжманд оиладаги 71 минг 660 нафар 16 ёшга тўлмаган болага бир марталик пул тарқатилди. Тўғри, бу ёрдамлар оила учун унчалик катта маблағ бўлмаслиги мумкин. Аммо халқимизда «Ҳа, деган туяга мадад» деган мақол бор. Пандемия шароитида иқтисодий ночор оила учун берилган озгина маблағ ҳам унинг ҳар бир аъзоси кўнглини тоғдай кўтаради.
«Бир маҳалла - бир маҳсулот»
Вилоятда «Бир маҳалла - бир маҳсулот» тамойили асосида 96 та маҳаллани ихтисослаштириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 83 маҳаллада бу ишлар амалга оширилди.
Жумладан, сабзовотчиликка 8 та, картошкачиликка 22 та, боғдорчиликка 45 та, чорвачиликка 16 та, лимончилик ва паррандачиликка биттадан маҳалла ихтисослаштирилди. Хусусан, Каттақўрғон туманида бешта маҳалладаги 489 гектар ер қулупнайчиликка, Иштихон туманида олтита маҳалладаги 1 минг 393 гектар ер ва Пайариқ туманида тўққизта маҳалладаги 595 гектар ер узумчиликка, Жомбой туманида тўртта маҳалладаги 218 гектар ер картошкачиликка ихтисослаштирилмоқда.
Экиш ишларини ўз вақтида сифатли қилиб тугаллаш ҳамда ердан самарали фойдаланиш, камида 2-3 марта ҳосил олиш бўйича барча тумандаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бунда маҳалла раисларининг ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосарларининг мутасадди ташкилотлар қуйи тузилмалари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, вазифаларини аниқ белгилаш, ўзаро маълумот алмашинувини таъминлаш тизимини жорий этишга эътибор қаратилмоқда. Маҳалла хонадонларида чорвачилик билан шуғулланадиган хонадонлар сони 458 минг, паррандачилик билан 179 минг, қуёнчилик билан 58 минг, асаларичилик билан 7,5 минг, балиқчилик билан 830 дан зиёдни ташкил этади.
Бошпанасиз йиғинлар масаласи нима бўляпти?
Бошқарма томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини бино билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 2020-2022 йилларда қурилиши режалаштирилган 108 та маҳалла биносидан 98 тасида ишлар давом этмоқда.
Ўз хизмат биносига эга бўлмаган 140 та (шу жумладан, маҳалла раисининг шахсий хонадонида фаолият кўрсатаётган 4 та, қўшни маҳалла биносида жойлашган 6 та) фуқаролар йиғинларини ҳудуддаги етарли шароитга эга бўлган бўш биноларга жойлаштириш ҳамда биноларни маҳалла балансига ўтказиб бериш, самарали фаолияти учун зарур шарт-шароит яратиш чоралари кўрилмоқда. Туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликда 442 маҳаллага компьютер жамланмаси берилди. Компьютер техникаси ишламайдиган йиғинларнинг 416 тасига зарур техник ускуналар, 299 маҳалла мебель жиҳозлари билан таъминланди.
* * *
Кейинги йилларда маҳалла раисларининг мақоми оширилиб, ваколатлари кенгайтирилди. Энди маҳалла раисининг асосий вазифаси қонунчиликда ўзига юклатилган ваколатлардан тўғри фойдаланиб, фаолларни, бутун маҳалла аҳлини хайрли ишларга сафарбар этиш, орқасидан эргаштира олиш. Шунинг учун биз «Маҳалла раиси қандай бўлиши керак?» деган саволга эски қолипдаги жавобни, унинг фаолияти мазмунига нисбатан аввалги тушунчамизни мутлақо ўзгартиряпмиз. Маҳалла раиси, аввало, жамият олдига қўйилаётган мақсад ва устувор вазифаларни ўзи раҳбар бўлган ҳудудда амалга ошириш учун шижоат, ақл-идрок, вазминлик, теранлик ва донишмандлик хислатларига эга бўлиши лозим.
Бунинг учун нима қилиш керак? Биринчи навбатда, маҳалла раисининг доимо виждони уйғоқ, тафаккури юксак ва дунёқараши кенг бўлиши зарур. Маҳалла жамиятнинг ҳам кўзи, ҳам қулоғи, ҳам уйғоқ виждони бўлиши керак. Маҳалла ҳудудида ҳар хил ёт ғоялар таъсирига берилувчи оилалар, ёшлар бўлмаслиги учун тизимли равишда чора-тадбирлар ва тарғибот ишларини олиб бориш зарур.
Бир нарсани яхши тушуниб олиш лозим - ҳар бир оилага кириб, одамларнинг дардини эшитиш масаланинг бир томони. Муҳими, аниқланган муаммо ва камчиликларга ўз вақтида ечим топиш. Нега деганда, одамлар маҳалла раисига давлат вакили сифатида ишонади, умид қилади. Агар муаммоси ҳал бўлмаса, иккинчи марта шу оилага борилганда «Нимага келдингиз, барибир ҳеч нарсани ҳал қилиб бермас экансиз-ку», деб айтиши табиий. Бундай савол бўлмаслигига эришишимиз шарт.
Асқар УМАРОВ,
Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари,
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи.