Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Маҳалла раислари ўқитилади

Вилоят Матбуот уйида вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маҳаллаларнинг институционал асосларини такомиллаштириш, мазкур тизим учун юқори малакали мутахассисларни мақсадли тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз борди.

Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловида вилоятимиздаги 1126 та маҳаллага раис сайланди. Шундан 772 нафар раис биринчи марта ўз фаолиятини бошлади.

Айтиш мумкинки, маҳалла мамлакатнинг кичик намунаси. У ерда яшовчи аҳолининг муаммоси ҳам, ташвишлари ҳам турлича. Шу сабабдан маҳалла раислари бугун ҳар бир соҳада тушунчага эга, янгиликлардан хабардор бўлиши лозим.

Шу мақсадда уларни соҳага оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар билан яқиндан таништириш, ижтимоий-сиёсий билимлар, раҳбарлик кўникма ва малакаларини ошириш учун машғулотлар ташкил этиляпти.

- Маҳалла раислари вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш ўқув курсида 42 та мавзу бўйича 36 академик соатдан иборат ўқув-машғулотларида иштирок этади, - дейди вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. - Ушбу ўқув-семинарлар олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда амалиётчи мутахассислар томонидан олиб борилади. Режага мувофиқ, июнь ойида ўтиши белгиланган ўқувлар барча ўзини ўзи бошқариш органлари раисларини қамраб олади.

Ўқув жараёнида фуқаролар йиғинлари раислари раҳбарлик маҳорати ва муомала маданияти, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ва кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда маҳалланинг ваколатлари, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясида самарадорликка эришиш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тушунчаларга эга бўлади.