Маҳаллаларга имтиёзли кредитлар ажратилади

«Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ-4602-сон, 18.02.2020 йил) қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари – вазирга ҳамда вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари биринчи ўринбосарлари – вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларига тенглаштирилади.

Ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплекси давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилади.

Фуқаролар йиғинларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ижтимоий дастурлар, шу жумладан, «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастури, «Ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури», «Yoshlar – kelajagimiz» дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилади.

Қарор билан, шунингдек, комплексларни қуриш учун давлат-хусусий шерикликнинг асосий шартлари белгиланди.

Комплексларни қуриш учун ер участкаларини танлаб олиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан вазирлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

2020 йил 1 июлга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар марказларида «Маҳалла маркази» мажмуалари биноларини қуриш (реконструкция қилиш, таъмирлаш) ишлари якунланади.

Қарор билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкилий тузилмаси, 99 штат бирлигидан иборат марказий аппаратининг тузилмаси, шунингдек, ҳудудий бошқарма ва бўлимларининг намунавий тузилмаси тасдиқланди.