Маҳалламизга машҳурлар келди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги олдидан Самарқанд вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, маҳаллалари ҳамда қишлоқларида маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, концерт дастурлари ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳрида бошланган тадбирлар кеча, 25 майдан бошлаб туманларга кўчди. Учрашувларда республикамизда таниқли бўлган шоирлар, ёзувчилар, театр ва кино актёрлари ҳамда хонандалар иштирок этмоқда.
- Кейинги йилларда маҳалламизда жуда катта ўзгаришлар бўлди, - дейди Самарқанд шаҳар Кимёгарлар шаҳарчасида яшовчи Шоҳиста Мамарасулова. – Бундан уч-тўрт йил илгари кўримсиз бўлган кўчаларимиз ҳозирги пайтда тунлари ҳам нурли, кўркли. Шаҳарчамизда “Нурафшон” маданият саройида ҳар байрам арафасида тантанали тадбирлар ўтказилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги олдидан ўтказилаётган ижодий учрашувда пойтахтдан келган бир гуруҳ таниқли санъаткорлар, ижодкорлар аҳолига кўтаринки кайфият бағишламоқда. Сўз устаси Ўткир Муҳаммадхўжаев иштирок этадиган концерт дастурларини томоша қилиш орзуим эди. Бугун у ва бошқа кўплаб машҳур санъаткорлар маҳалламизда учрашув ўтказди.
Шу ҳафта давомида 8 та гуруҳдан иборат тарғиботчилар иштирокида вилоятнинг олис қишлоқларида ҳам маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Тўлқин Сиддиқов.