Маиший келишмовчиликлар ортидаги айро тақдирлар: Кўпайиб бораётган оилавий ажримлар ҳақида
Оилада эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан келиб чиқаётган баҳслар, ўзаро можаролар, оилаларнинг душманга айланиши биз учун оддий ҳолатга айланиб улгурди. Туғилиб-туғилмай тирик етим қолаётган болалар тақдири, ким айбдорлиги номаълум болалар жинояти бугунги кунда "оёғимиздан чалаётган" ҳолатларнинг энг қўрқинчлиси эканлиги кундан-кун ойдинлашиб бормоқда. Худди хавфли вирусга чалинганларнинг сони ортиб боришига ўхшаб, оилавий ажримлар сони ҳам ҳам ортса ортяпдики, камайгани йўқ.
Хўш, нега бундай ҳолатлар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда? Ажримлар худди оддий табиат ҳодисасидек юзаки бўлиб қолди? Бунда кимнинг айби бор? Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа...
Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази маълумотига кўра, яқин йилларда ажрашиш арафасида турган оилаларда турмушнинг бузилишига сабаб сифатида қуйидаги омиллар кўрсатилган:
48,4 фоиз — эр-хотин ўртасидаги маиший келишмовчиликлар;
17,4 фоиз — қайнона, қайнота ёки учинчи шахс, умуман бошқаларнинг оила ишига аралашуви;
5,3 фоиз — бепуштлик;
6,3 фоиз — моддий етишмовчиликлар, турмуш ўртоғининг ишсизлиги ва иқтисодий муаммолар;
5,5 фоиз — ичкиликбозлик ва бошқа зарарли одатлар оқибати;
3,5 фоиз — ички ва ташқи миграция;
11,3 фоиз — бошқа турли сабаблар.
Ижтимоий тармоқда “Оилавий ажримларга асосий сабаб нима деб ўйлайсиз?” саволи билан ўтказилган кичик сўровномада ҳам тармоқнинг аксарият фойдаланувчилари урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса «хўп»дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик кабиларни санаб ўтишди.
Ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.
Таҳлилларга кўра, бу муаммонинг бош омили — уларнинг ҳуқуқий билими етарли эмаслиги, ота-онанинг фарзандига оила нима эканлиги ҳақида еталича тушунча бермаганлиги сабаб бўлмоқда. Оилаларнинг мустаҳкамлиги ва маънавий баркамоллиги учун, ўз навбатида, ёшларнинг ҳар томонлама тайёрлиги, хусусан, ёшларни мустақил ҳаётга тайёрлаш, эр-хотин муносабатлари ҳақида батафсил маълумотларга эгалиги зарурий омил бўлиб ҳисобланади.
Рақамлардан гапирамиз
Маълумотларга кўра, 2022 йилнинг дастлабки уч ойида ҳудудлар кесимида қайд этилган ажрашишлар сони энг кўп Тошкент шаҳрида кузатилган — 1484 та. Ушбу кўрсаткич Самарқанд вилоятида 1269 та, Тошкент вилоятида 1265 та, Андижон вилоятида 1240 та, Фарғона вилоятида 1171 та , Наманган вилоятида 1078та, Қашқадарё вилоятида 1073 тани ташкил этади.
Оилавий ажримларга сабаб бўлувчи умумий хатолар ҳақида тўхталамиз.
Эркак кишини ўзгаришини кутиш
Халқимиз орасида "Уйланса ўзгаради", "Ота бўлса ичмайди" каби қарашлар айланиб юриши ҳеч кимга сıр эмас. Эркак кишини ўзгаришини кутиш хато. Эркак фақат ўзи истасагина, ўша ҳолатидан қониқмаса ўзгаради.
Манфаатлар устига оила қуриш
Эҳтиёжлар ва манфаатлар доим ўзгарувчан бўлади. Уларга эришилганда кераксиз ҳолга айланадиган жараёнга ўхшайди манфаатлар учун қурилган оила. Йигитнинг шахсий уйи, машинаси бўлиши, қизнинг отаси бой, ўқиган, чиройли бўлиши билангина оила қуриб бўлмайди.
Эр-хотин муносабатларига учинчи(тўртинчи) шахс аралашуви
Ўзбекчиликда қайнонадан рухсат олиш, қайнотадан сўраш каби тушунчаларнинг борлиги ва уларга амал қилиш хато эмас. Аммо эр-хотинга алоқадор бўлган қарорларни фақат уларнинг ўзлари ҳал қилишлари керак.
Фарзандли бўлганда эр-хотин эканлигини унутиш
Ёш оилага фарзанднинг келиши яхши албатта. Лекин кўп ҳолларда ота-оналар ўз масъулиятларини фарзандга қаратиб эр-хотин эканлигини унутиб қўйиш ҳолатлари кузатилади. Хотинга фақат фарзандининг онаси сифатида қараш, эрга фақат фарзанднинг отаси сифатида қараш доим ҳам кутилган натижа билан якунланмайди.
Кичик келишмовчиликлар, майда сабабларни ҳал қилмаслик
Кемани кичик тешиклар чўктиради. Бугун рўй берган можарони бугун ҳал қилмаслик эртага, индинга кўпайиб катта жанжалларга сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳеч ким хатолардан холи эмас, энг камида гаплашиб олиш кутилаётган муаммонинг ечими бўлиши мумкин.
Афсуски, оила қуриларкан бўлажак эр-хотинлар кўпинча бу жиҳатларга кўп ҳам эътибор қаратишмайди ва охир-оқибат... Ҳар ҳолда оила даргоҳига қадам қўяётган ёшларга юқоридаги омиллар билан боғлиқ саволларни берадиганлар камдан-кам. Оқибат эса биз мақолада келтирган кўрган рақамларни кўрсатмоқда.
Зарина МУСТАФОЕВА.