Мажбурий ижро бюроси: нима ўзгарди, қандай янгиликлар бор?
Мазкур тузилма доимо жамоатчилик эътиборида бўлиб келмоқда. Коммунал соҳадаги муаммоларга ечим топиш мақсадида ташкил этилган тизим фаолиятида кейинги вақтда бир қатор ўзгаришлар рўй берди. Булар нималардан иборат ва тизимда яна қандай янгиликлар кутилмоқда?
Вазифа ва ваколатлар қисқарди
Президентимизнинг жорий йил 18 июндаги "Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бир қатор вазифа ва ваколатлари тегишли вазирлик ва ташкилотларга олиб берилди.
Жорий йил 1 августдан электр энергияси ва табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг замонавий автоматлаштирилган тизими, шунингдек, муқобил энергия манбалари жорий этилишини ташкил этиш ва ушбу жараёнлар устидан мониторинг ўтказишга доир вазифа ва ваколатлар Энергетика вазирлигига ўтказилди.
Электр энергияси ва табиий газ учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини камайтириш, шунингдек, электр энергияси, табиий газ сотуви ва истеъмолини ҳисобга олиш "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ ва "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг ҳудудий ташкилотларига берилди.
Шунингдек, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш, олдини олишга доир ваколатлар юқоридаги икки ташкилот ҳамда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказилди.
Шунингдек, энергия ресурслари учун ҳисоб-китоб қилинишини таъминлаш тизимини комплекс таҳлил қилиш, тизимли муаммоларни аниқлаш, такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш билан эндиликда энергетика вазирлиги шуғулланади.
Вазифалар нималардан иборат?
Ўзгартишлардан сўнг бюро эндиликда суд ва бошқа орган ҳужжатларининг ижросини таъминлаш вазифа-функцияларини бажаряпти. Яъни, амалда одил судловни таъминлашга хизмат қилмоқда.
- Фаолиятни тартибга солиш ва самарадорлигини оширишда давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 24 ноябрда имзоланган «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон муҳим аҳамиятга эга, - дейди Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Дўстбек Сулаймонов. - Фармонга асосан жорий йил 1 декабрдан жиноят натижасида давлатга етказилган зарар, давлат божлари, жиноий ва маъмурий жарималар, давлат фойдасига бошқа турдаги ундирувлар ҳамда давлат даромадига ўтказиладиган олиб қўйилган мол-мулкни сотишга оид ижро ҳужжатлари бўйича сотилган мол-мулкларнинг маблағлари алоҳида ғазначилик ҳисоб-рақами билан пропорционал тартибда тенг равишда «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган фуқароларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши белгиланди.
Бундан ташқари, туман ва шаҳарларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилди. Кенгашлар жойлардаги мажбурий ижро ҳаракатларида юзага келаётган муаммоларнинг сабаб ва шарт-шароитларини ўрганиб, бартараф этиш чораларини кўради.
Яна бир янгилик шуки, 2021 йил 1 январдан бошлаб бюронинг ҳудудий бошқармалари, туман ва шаҳар бўлимлари бошлиқлари ўз фаолияти тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ҳар ярим йилда ҳисобот тақдим этиб боради.
Вазифа касбий кўникмага мос бўлади
- МИБ давлат ижрочиларининг иш ҳажми юқорилиги боис ижро ишлари бир текисда олиб борилмаслиги кўпчиликка аён, - дейди Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер Зокиров. – Давлатимиз раҳбарининг фармонидан келиб чиқиб бюро органлари иш юритувидаги ижро ҳужжатларининг тоифаланган ва тааллуқлилиги ҳам белгиланди.
Хусусан, бюронинг марказий аппарати масъул ходимлари - базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 000 баравари ва ундан ортиқ суммани ундиришни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари, халқаро тоифадаги ишлар ҳамда алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган ижро ҳужжатлари бўйича иш олиб боради.
Ҳудудий бошқармалар - базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 000 бараваридан 100 000 бараваригача, туман-шаҳар бўлимлари эса, ўз навбатида, 50 000 бараваргача бўлган миқдордаги ишлар билан шуғулланади.
Бу эса эндиликда ижро ишларининг аниқ ва белгиланган меъёрларга кўра, ёш мутахассислар ва тажрибали ходимларга касбий кўникмасига асосан иш олиб боришига замин яратади.
Нималар ўзгаради?
2021 йил 1 мартдан бошлаб алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган назорат тизими йўлга қўйилади. Янги тизим жорий этилиши натижасида алимент тўлови ундирувчиларга ўз вақтида, тезкор равишда етказилиши таъминланади. Мазкур тизимни ишга тушириш орқали МИБ ходимлари ва фуқароларнинг алимент тўловларини тўлаш ва ундиришдаги ортиқча оворагарчиликларига барҳам берилади.
Негаки, базада барча ташкилотлар билан интеграция йўлга қўйилиб, ҳар бир алимент тўловчи ўз мажбуриятларини қай даражада бажараётгани, даромади, қарзи қанчалигини дастур ижрочига маълум қилиб туради.
Ундирувчилар номига очилган банк пластик карточкалари алимент тўловлари ҳақида шаффоф ва ортиқча оворагарчиликсиз, қулай ва масофадан туриб билиш имконини беради.
Бундан ташқари, бюрода хатланган мол-мулклар савдо ташкилотларида сақланади ва савдо ярмаркаларига олиб чиқиб сотилиши ҳам йўлга қўйилган. Товарлар маълум бир вақт ўз эгасини топмаса, у белгиланган тартибда арзонлаштирилади.
Янгича тизимда товар моддий бойликларнинг сотилишида аҳолига яна ҳам қулайлик туғдириш учун келаси йил март ойидан бошлаб, хатланган мол-мулклар шаффоф ва очиқ ҳамда қулай нархларда сотилишининг электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотларида сотилиши йўлга қўйилади.
Кенгаш кўмаклашади
Қайд этиш лозимки, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини ошириш бўйича ҳудудий кенгашларга бир қатор вазифалар белгиланган.
Хусусан, Кенгашлар ёрдамга муҳтож ва оғир аҳволга тушиб қолган қарздорларнинг манзилли рўйхатларини тузиб, улар билан якка тартибда ишлаш, жумладан уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва бандлигини таъминлашда кўмаклашади.
Шунингдек, ижро ҳужжатлари бўйича хатланган мол-мулкларни сотиш учун туман ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум бозорлар ҳамда савдо марказларида ярмаркалар ташкил этади.
Бундан ташқари, қарздор - бюджет ташкилотларидан пул маблағлари ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бўйича уларнинг маблағлари етарли бўлмаган ҳолларда, қарздорликни маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан қоплаш тўғрисида таклифлар киритиш ҳам кенгашлар вазифаси ҳисобланади.
Ё.МАРҚАЕВ.