Мактаб ошхонасида қандай егуликлар сотиляпти?

Мактаб ошхоналари ва буфетларида қандай озиқ-овқатларни тайёрлаш ёки сотиш мумкинлигини биласизми? Фарзандингиз мактабда қандай егулик истеъмол қилишини-чи?

Мамлакатимиздаги умумтаълим муассасаларида гамбургер, чизбургер, хотдог, «кириешки», «хрустяшки», «чипс», энергетик ёки газланган ичимликлар ва шу турдаги маҳсулотлар сотишга рухсат этилмайди. Бундай маҳсулотлар болалар соғлигига салбий таъсир қилади. Шунинг учун ота-оналар болаларини бундай маҳсулотлардан асраши, уларни соғлом овқатланишга ўргатиши керак.

Умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчилар овқатланишини ташкил этишнинг санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига кўра, мактаб ошхоналарида юқорида келтирилганлардан ташқари сунъий моддалар қўшилган қандолат маҳсулотлари, ветеринария назоратидан ўтмаган гўшт, яроқлилик муддати белгиланмаган, айниқса, уй шароитида тайёрланган ҳар хил турдаги консервалар, қўзиқоринлар ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, хом дудланган гўштли гастрономик маҳсулотлар ва колбасалар, ўткир таъмли соуслар, кетчуп, майонез, консервалар, маринадланган сабзавот ва мева каби маҳсулотлар тақиқланади. Шунингдек, болалар саломатлигига зарар берувчи бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ҳам мумкин эмас. Аммо бу қоида ва нормаларга мактаб ошхоналари амал қилмаяпти.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармасининг маълум қилишича, 2024 йилнинг 10 ойида бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимлари ходимлари ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари билан болалар боғчалари ва умумтаълим мактабларида текширувлар олиб борган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги «Мактабгача ҳамда умумтаълим ташкилотлари фаолиятини текшириш ишларини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, жорий йилда вилоятдаги 1266 та умумтаълим мактабидан 915 тасида назорат текширувлари ўтказилган.  Санитария назорати олиб борилган мактабларнинг 453 тасида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари бўйича камчиликлар аниқланган ва маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтмаган 190 нафар ходим вақтинча ишдан четлатилган, 24 та умумтаълим мактабида юқумли касалликлар кўпайгани ва санитария талабларига жавоб бермаганлиги сабабли ошхоналарнинг вақтинча иш фаолияти тўхтатилган.

Янги ўқув йили бошланишидан олдин вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига, туман (шаҳар) бўлимлари ва умумтаълим мактаблари раҳбарларига санитария меъёр ва қоида талаблари бўйича 38 турдаги тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларининг мактаб буфетида сотилишини тақиқлаш бўйича топшириқ хатлари юборилган. Аммо ушбу топшириқ хатга деярли ҳеч қайси мактаб амал қилаётгани йўқ. Исталган мактаб ошхонаси ёки буфетига кирсангиз, тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини топасиз.

Масалан, яқинда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси ходимлари Булунғур туманидаги айрим мактабларда ўрганиш олиб борган. Ушбу туманнинг 22-умумтаълим мактабида жойлашган ошхона ўрганилганда, ошхонада тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари пишириб сотилаётгани, идишларни ювиш учун шароит яратилмагани, музлаткичда озиқ-овқатлар тартибсиз сақланаётгани аниқланган.

Туманнинг 36- ва 54-умумий ўрта таълим мактабларида ҳам тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётгани, ошхоналарнинг санитария ҳолати қониқарсиз экани аниқланган.

Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 5-, 51-, 52-умумий ўрта таълим мактабларидаги ошхоналар ўрганилганда, юқоридагилардан ҳам аянчли ҳолатларга дуч келинган. Ушбу мактаблардаги ошхона ва савдо дўконларида уй шароитида тайёрланган «фастфуд», қўлбола майонез, кремли маҳсулот ва газланган, рангли ичимликлар сотилаётгани, ярим тайёр маҳсулотлар шу ернинг ўзида санитария ҳолати сақланмаган шароитда тайёрланаётгани, ишлатилган идишларни ювиш учун умуман шароит йўқлиги аниқланган. Янаям аянчлиси, шаҳардаги 51-умумтаълим мактаби ошхонасининг музлаткичида моғорлаб кетган помидор ва мураббо маҳсулотлари топилган.

- Биз ўқув йилининг бошида мактабларни ўрганганимизда, шунча огоҳлантиришимиз ва семинар-машғулотлари ўтишимизга қарамай, мактаб ошхона ва буфетларида 38 турдаги тақиқланган маҳсулотлар сотилишига гувоҳ бўлдик, - дейди “Санепидқўмита”нинг вилоят бошқармаси болалар-ўсмирлар гигиенаси бўлими мудири Ирода Орипова. – Албатта, бундай ҳолатда нафақат тадбиркор, балки мактаб директорига ҳам маъмурий баённома қўлланилади. Сабаби, таълим муассасалари ошхоналарининг ижара шартномаси «Давлат мулкини ижарага бериш маркази» давлат унитар корхонаси (ижарага берувчи), талабгор (ижарага олувчи) ва таълим муассасаси (балансда сақловчи) ўртасида қонунчиликка мувофиқ тузилади. Шунинг учун мактаб раҳбари мактаб ҳудудига кириб келаётган озиқ-овқат маҳсулоти учун жавобгар шахс ҳисобланади. Агар мактаб директорлари биз билан бирга ишлаб, мактаб ошхонасига тақиқланган маҳсулотларнинг киришига йўл қўймаса, биргаликда муаммонинг олдини олиш мумкин. 

Бугунги кунда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 784 та ошхона ва буфетлар фаолият олиб бормоқда. Шундан, 573 та ошхона ва буфетлар Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш маркази орқали электрон-онлайн аукцион савдосига чиқарилиб, аукционда ғолиб бўлган тадбиркорлар фаолият олиб бормоқда. Шуниси қизиқки, мактаб ошхоналарини юритаётган тадбиркорларнинг фаолиятини тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи вакил – омбудсман рухсати олингандан кейин текширилади. Бундай тартиб юқоридаги қарорда белгиланган. Агар мактаб ошхонасида тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари сотилаётган бўлса, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари мактаб раҳбарлари билан биргаликда ошхонани юритаётган тадбиркорни огоҳлантира олади, холос. Аммо тадбиркорга нисбатан маъмурий чора кўра олмайди.

Янаям қизиғи, мактаб ошхонасини текширишга омбудсман рухсат берган тақдирда ҳам, тадбиркорга бу ҳақда олдиндан хабар қилинади. Албатта, тадбиркор белгиланган кун ошхонани «топ-тоза» қилиб қўяди. Табиийки, текширувчилар ошхонадан ҳеч қандай тақиқланган озиқ-овқат маҳсулоти топа олмайди. Эртаси куни тадбиркор яна ўз фаолиятини шу зайлда давом эттираверади.

Илгари мактаблар санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бир йилда тўрт мартагача текширилган бўлса, эндиликда бир йилда атиги бир марта текширишга рухсат берилади. Текширувдан ўтган мактаб ошхонаси яна илгаригидек исталган озиқ-овқат маҳсулотини сотаверади.

Шу ўринда яна бир савол туғилади. Хўш, нима учун тадбиркор тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларини келтириб сотади?

Биринчидан, у фойда кўриш учун мактаб ошхонасини юритяпти. Иккинчидан, у ижара пули тўлайди. Шунинг учун болалар кўпроқ нима истеъмол қилса, шуни келтириб сотишга ҳаракат қилади.

Демак, тадбиркорнинг даромадини ўйлайдиган бўлсак, мактаб ошхонаси ёки буфетида исталган озиқ-овқат маҳсулотини сотишга рухсат беришимиз керак. Унда болалар саломатлигини ким ўйлайди? Уларнинг овқатдан заҳарланмаслигига, юқумли касалликларнинг кўпаймаслигига ким кафолат беради? Бизга тадбиркорнинг даромади муҳимми ёки болалар саломатлигими?

Тўғри, бугун тадбиркорларга кенг имкониятлар бериляпти, уларнинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаяпти. Майли, тадбиркор ўз фаолиятини бошқа жойда амалга ошираверсин, халққа хизмат қилиб, даромади кўпаяверсин. Аммо мактаб ошхоналарини тадбиркорларга бериш қанчалик нотўғри эканининг бугун гувоҳи бўляпмиз. Тадбиркор болаларни соғлом овқатланишини эмас, савдоси авж олиб, даромади кўпайишини истайди.

Яна бир гап. Ошхонаси ҳам, буфети ҳам йўқ мактабларда ўқиётган болалар мактаб яқинидаги савдо дўконларидан егуликлар сотиб олади. Ҳатто бундай дўконларда инсонлар саломатлигига зарар келтирувчи энергетик ичимликлар сотилиши жуда ачинарли.

Соғлом ҳаёт тарзини кундалик турмушимизга жорий қилишимиз учун юқоридаги каби муаммоларнинг олдини олишимиз зарур. Бугун болаларни соғлом овқатлантиришни йўлга қўйишни фақат давлат ўз зиммасига олиши керак. Сиз нима дейсиз?

Хуршида Эрназарова.