Мактабимизда синфхоналарни тозалаш учун ота-оналардан пул йиғилади. Фаррошлар хона йиғиштирмайдими?
Ушбу саволга АОКАда бўлиб ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Лайло Рустамова жавоб берди:
➖ Синфхоналарни ўқувчилар навбатчилик асосида тозалаши тавсия этилади.
Жойларда эса баъзи ота-оналар фарзандлари синфхонани йиғиштиришини хоҳламагани учун фаррош ёллаб, унга синфхонани йиғиштириши учун қўшимча маблағ тўлаш ҳоллари кузатилади.
Шуни айтиш жоизки, ўқувчиларнинг синфини йиғиштириши учун навбатчилик ташкил қилиши ҳам болада ўзига хос тарбияни шакллантиради. Бу эса болага эрта ёшдан ўзи ўтирган жойни тоза ва озода сақлаш, бировнинг меҳнатини қадрлашни ўргатади. Шу сабабли болалар дарслардан кейин синфхонани йиғиштириш учун навбатчилик ташкил этиши мақсадга мувофиқ саналади.
Шу ўринда, мактабларда фаррошлар учун ажратилган штат бирлиги биноларнинг фойдаланиладиган ички қисми, шу жумладан, хизмат хоналари, йўлаклар, зинапоялар, фаоллар зали ва спорт зал ҳамда ўқув синфлари майдонини тозаловчи фаррош лавозими ҳар 350 квадрат метр тозалаш майдони учун 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда киритилади.
Мактабда машғулотлар иккинчи сменада ҳам олиб борилганда, ушбу сменадаги ўқувчилар фойдаланадиган ҳар 350 квадрат метр тозаланадиган майдон учун қўшимча 0,25 бирлик, узайтирилган кун гуруҳи мавжуд бўлганда эса гуруҳга қатновчилар фойдаланадиган ҳар 350 квадрат метр тозаланадиган майдонга 0,5 бирлик ҳисобидан келиб чиққан ҳолда фаррош лавозими киритилади.