Мактаблар бугун тайёр, қишга-чи?
Мактабларда бу йил пандемия сабаб янги ўқув йилини бошлаш бироз ортга сурилди. Аввалига мактабларни анъанавий тарзда бошлаш учун ота-оналар ўртасида сўровнома ўтказилди. Сўнгра жойлардаги халқ депутатлари Кенгашлари рухсати билан мактаблар очиладиган бўлди. Мактабларнинг янги ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига тайёргарлигини ўрганиш мақсадида Самарқанд туманидаги айрим мактабларда бўлдик.
Бугунги кунда туманда 54 мактаб бўлиб, 19 тасида анъанавий дарслар бошланди. Мактабларда ҳозирча 1-4-синф ўқувчилари ўқитиляпти. Юқори синф ўқувчилари босқичма-босқич анъанавий дарсларга қамраб олинади.
- Бошланғич синф ўқувчиларига дарслар соат 8:00 да бошланиб, 11:30 да тугайди, - дейди 33-умумий ўрта таълим мактаби директори Мамлакат Равшанова. – Синф хоналар бир кунда 4 марта дизенфекция қилинади. Туман халқ таълими бўлими пирометр, антисептик воситалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун тиббий ниқоблар берди.
Ҳақиқатан ҳам мактабда барча шарт-шароитлар мавжуд. Мактаб ҳомийлар ёрдамида таъмирдан чиққан. Бошланғич, ўрта ва юқори синф ўқувчилари алоҳида эшиклардан кириб чиқади. Кириш жойида ва ҳар бир синфда пирометр, антисептик воситалари бор.
Бундан ташқари, ўқувчиларнинг масофа сақлаши учун ҳар бир синф ўқувчилари иккига бўлиб ўқитиляпти. Бошланғич синфларда 611 нафар ўқувчи бўлиб, уларнинг 91 нафари онлайн тарзда, қолгани ота-оналар истагига кўра, анъанавий дарсларда қатнашяпти.
Тумандаги 37-умумий ўрта таълим мактаби 780 ўринга мўлжалланган бўлиб, 846 нафар ўқувчига эга. Мактабда ўзбек ва тожик тилида сабоқ берилади. Ушбу мактабда ўқувчиларнинг масофа сақлаши учун кириш йўлагидан 2 метрлик чизиқлар тортилган, қўл ювиш учун шароит яратилган.
- Мактабда биринчи ёрдам кўрсатиш учун алоҳида изоляция хонаси тайёрладик, - дейди мактаб директори Мусен Болтаев. – Агар ўқувчининг ҳарорати юқори бўлса, ушбу хонада тиббиёт ҳамшираси унга биринчи ёрдам кўрсатади. Сўнгра боланинг ота-онаси ва тез ёрдамни чақиради.
Ҳозирча мактабда бошланғич синф ўқувчилари ўқимоқда. Улар ҳам икки синфга бўлиниб, ҳар бир партада 1 нафардан бола ўтириб таҳсил олмоқда.
Анъанавий дарсларга рухсат берилмаган мактабларни ҳам кўздан кечирдик.
- Маҳалламизда 6 нафар Covid-19 касаллиги билан даволанаётган бемор бор экан, - дейди тумандаги 18-умумий ўрта таълим мактаби директори Ашурбой Шомаҳмедов. – Шунинг учун мактабни 22 сентябрдан очишга рухсат беришди.
Ўрта Оҳалик маҳалласида жойлашган ушбу мактаб тоғ ён бағрида жойлашган бўлса ҳам интернет сифати яхши. Ўқувчилар истаса онлайн ўқиши мумкин. Таълим даргоҳи ҳомийлар ёрдами билан таъмирдан чиқарилган, барча шарт-шароит мавжуд. Очиқ ва ёпиқ стадиони бор.
289 ўқувчига эга 32-умумий ўрта таълим мактаби ўтган йили капитал таъмирланган. Таълим олиш учун шарт-шароитлар етарли. Бироқ, спорт зал ҳам, спорт майдони ҳам йўқ.
- Насиб бўлса, эртадан мактабимиз очилади, ҳозирча 1-8-синф ўқувчилари анъанавий дарсларга келади, - дейди мактаб директори Алишер Рустамов. – Дарслар бошланғич синфлар учун соат 8:00 да, ўрта синфларда соат 8:30 да, юқори синфларда соат 9:00 да бошланади.
Кўмир берилмаган мактаблар бор
Туман мактаблари ўқув йилига тайёр, аммо куз-қиш мавсумига тайёргарлиги суст. Масалан, 33-мактабга 10 тонна кўмир берилган, аслида мактабни иситиш учун 95 тонна кўмир керак. 37-мактабга 7 тонна кўмир берилган, мактаб директорининг айтишича қишдан чиқиш учун 35 тонна кўмир керак. 18 ва 32-мактабга ҳали кўмир берилмаган, бирига 20 тонна, иккинчисига 17 тонна кўмир керак.
Умуман, туман халқ таълими бўлими 34 та мактаб учун 810 тонна кўмир ва 615 тонна брикет олиши режалаштирилган. Қолган мактаблар табиий газ билан иситилади. Бугунги кунга қадар режадаги кўмирнинг атиги 138 тоннаси мактабларга тарқатилган, холос. Пандемия мактабдаги дарсларни кечиктиргани рост, аммо қиш мавсуми учун ғамланадиган ёнилғи кечикмаслиги лозим.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.