Бир сотих ердаги малина - 10 миллион сўм
Жомбой тумани Найман маҳалласида яшовчи Шаҳзод Нуриллаев малина етиштириш билан шуғулланиб, йилига 100 миллион сўмдан зиёд даромад қилаётган ёшлардан бири. У бунга осонликча эришмади. 2015 йилда умумий ўрта таълим мактабини битириб, ўқишни коллежда давом эттиришни ният қилди, аммо...
- Коллежда ўқийман деб уч йил вақтимни беҳуда ўтказдим, - дейди у. – Натижада на олий ўқув юрти талабаси бўлдим, на мутахассислигим бўйича ишга жойлашдим. Ота-онамнинг маслаҳатларига қулоқ солмай пул топиш илинжида хорижга кетдим. У ёқдаям бирим икки бўлмади. Минг бир қийинчиликларни кўрдим. Шунда дадам Ўзбекистонга қайтишимни, оддий деҳқончилик билан шуғулланиб ҳам рўзғор тебратиш мумкинлигини айтди.
Шаҳзод отасининг гапига кириб уйига қайтди. Уларнинг ҳовлисида бир сотихгина томорқа майдони мавжуд бўлиб, бу ерда малина етиштириларди.
- Дадам бир сотих ерда малина етиштириб бир мавсумда 10 миллион сўмгача даромад қилаётганини айтди, - дейди Шаҳзодбек. – Агар мен бир гектар ерда малина етиштириш билан шуғуллансам йилига камида 100 миллион сўм топишим мумкинлигини қўшимча қилди. Аввалига ишонмадим, биринчи йили томорқамизда синаб кўрдим ва бўш вақтимда олий ўқув юртига кириш учун тайёргарлик кўрдим. Натижа ёмон эмас, ҳам томорқада меҳнат қилиб 10 миллион сўм даромад қилдим, ҳам Самарқанд давлат университетига тўлов шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Дадамнинг маслаҳатига қулоқ тутиб кам бўлмадим. 2-3 йил ичида экин майдонини 3 гектарга етказдим. Фойдасидан ўқиш харажатларим қопланяпти, шунингдек, машина ва уй ҳам сотиб олдим.
- Ўғлим Шаҳзоджон аввалига хорижда ишлашга қизиқди, - дейди унинг отаси Ўткир Абдуллаев. – Шу ерда ҳам меҳнат қилса мўмай даромад қилиш мумкинлигини сўзим ва ўзимнинг меҳнатим билан исботлаб берганимдан кейин мен бошлаб берган ишни давом эттиряпти. Малина сердаромад экин. Меҳр билан парвариш қилсангиз гектаридан 4 тоннагача ҳосил бераркан. Бу 120-150 миллион сўм дегани.
- Ёшлар билим олиш ва бўш вақтларида томорқадан унумли фойдаланишни қанча эрта бошласа шунча яхши, - дейди қаҳрамонимиз. – Ўзим кўп вақтимни беҳуда ишларга сарфлаб қўйганимдан афсусланаман, аммо ҳалиям кеч эмаслигини англаб, ота-онамнинг насиҳатларига амал қилиб, ишларимни давом эттиряпман.
Шаҳзод Нуруллаев маҳалла ёшларига ўрнак бўляпти. Уларнинг аксариятига малина етиштириш сирларини ҳам ўргатяпти. Аҳамиятлиси, ўндан зиёд ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаган.
Эъзоза Мейлиева,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.