Мамлакатимиз олий таълимининг тарихий илдизлари теран
‘‘Халқ сўзи” газетасининг 3 июль сонида “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон. Ўзбекистонда илм-фаннинг янги Ренессанс даври бошланмоқда" сарлавҳаси остида эълон қилинган Олий Мажлис Сенати аъзоси, Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродов билан бўлган суҳбатда билдирилган фикр-мулоҳазалар илмий асосланганлиги нуқтаи назаридан алоҳида диққатга сазовордир.
Дарҳақиқат, Ватанимизнинг шонли ўтмишини ўрганар эканмиз, бевосита таълим тарихи унинг ажралмас қисми эканлиги кўзга ташланади. Таълимнинг эса илк даврлари мактаб ва мадрасалар фаолияти билан узвий боғлиқ. Манбалардаги маълумотлар илк мадрасалар Бухоро ҳамда Самарқандда VIII-IX асрлардаёқ вужудга келганлигини кўрсатади. Бухорода Фаржак Фақиҳлар мадрасаси, Самарқандда Работи Розиён ва Иброҳим Тавғочхон мадрасалари ана шундай дастлабки мадрасалар бўлганлиги маълум.
Шарқ Уйғониш даври алломалари ҳам бошланғич билимларни мадрасаларда эгаллашган. Таълим тизими, мактаб, мадрасалар фаолият юритганлиги учун ҳам жаҳон илму фанига буюк ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Абу Наср Форобий, Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, Ибн Сино каби олимлар камолга етган.
Иккинчи Шарқ Ренессанси Темурийлар даврига тўғри келади. Бу даврда Самарқанд илм-фан марка¬зига айланди. 1420 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси қурилган ва ўз фаолиятини бошлаган. Мирзо Улуғбек мадрасасида ижод қилган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Кошоний ҳамда Али Қушчи ўз даврининг академиклари бўлган. Бу даврда Самарқандда яратилган асарлар дунё илм-фанига, айниқса, астрономия, аниқ ва табиий фанлар тараққиётига улкан ҳисса қўшди.
Суҳбатда Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасасининг давомчиси ҳамда вориси сифатида эътироф этилиб, бу борада илмий далиллар келтирилади. Университетнинг 600 йиллигини нишонлаш масаласи илгари сурилади. Бу ташаббусни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаймиз.
Албатта, Ватанимиз илму фанини дунёга таратган таълим масканлари тарихини ўрганиш жуда муҳимдир. Мустақиллик йилларида шаҳарлар ва буюк алломаларнинг юбилейлари кўплаб ўтказилди. Лекин таълим мас¬канлари тарихи ҳамда у билан боғлиқ саналар ҳали нишонланган эмас.
Самарқанд давлат университетининг шонли тарихи Мирзо Улуғбек мадрасасига боғланиши халқимизни ғоятда хурсанд қилиб, кўксини ғурурга тўлдириши аниқ. Зеро, Европадаги Сорбонна, Оксфорд, Болонья, Кембриж университетлари XII-XIII асрларда дастлаб черковлар қошида вужудга келган мактаблар бўлган. Дунёвий илмлар ўқитилишига черков йўл бермаган. Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасида эса улардан фарқли ўлароқ дунёвий илмлар ўқитилган ва илмий тадқиқотлар олиб борадиган алоҳида илмий лабораторияларга ҳам эга бўлган.
Самарқанд давлат университетининг юбилейини кенг нишонлаш жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Шу йил 26 июнда халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши сессиясида Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳам бунинг исботидир.
Олий таълим тизимининг тарихий илдизларини манбалар асосида таҳлил қилиш ва уларни ўрганиш келгуси таълим тараққиёти учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Суҳбатда таъкидланганидек, Ўзбе¬кистон таълим тизими шаклланиши ва ривожланишини миллий маданиятимизнинг Ўрта асрлардаги ютуқлари билан боғлаш давлатимиз раҳбарининг таълим соҳасида олиб бораётган ислоҳотларининг бир кўриниши сифатида, унинг натижалари ёшларни ватанпарварлик ҳамда илмий-маданий меросимизга фахру ифтихор руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг халқаро даражага чиқиши ва дунё рейтингида муносиб ўрин эгаллаши учун ҳам уларнинг тарихи¬ни чуқурроқ ўрганиш талаб этилади. Шу маънода, профессор Р.Холмуродовнинг ташаббуси нафақат Самарқанд, Бухоро, Тошкент ёки Хоразмда, балки бутун мамлакатимизда олий таълимнинг ривожланиш тарихини ўрганишга бўлган қизиқишни янада оширади.
Турсунбой РАШИДОВ,
академик.
("Халқ сўзи" газетасининг 2020 йил 14 июль сонидан)