Машина “люки”да ярим яланғоч ҳолда рақсга тушган қизлар қидирилмоқда

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувларда ҳаракатланиб кетаётган “Lacetti” русумли автомобиль “люки”дан чиққан ҳолда икки нафар енгил кийинган қизлар рақсга тушаётганликлари акс этган.

Тошкент шаҳри ИИББнинг маълум қилишича, ушбу ҳолат 2020 йилнинг 26 февраль кунига ўтар тунда содир бўлган ва шу куннинг ўзида Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан тегишли чоралар кўрилган.

Аниқланишича, “Lacetti” русумли автомобиль ҳайдовчиси, 23 ёшли Ж.Б. Юнусобод тумани, Истиқлол кўчасидан ҳаракатланаётганда икки нафар йўловчиларига хавфли тарзда “люк”дан чиқишларига йўл қўйган. Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 138-моддаси тўртинчи қисмига мувофиқ баённома тузилган.

ИИББ хабарида ёзилишича, “транспорт воситаси ҳаракатланаётган вақтда йўловчи томонидан тана қисмларини (қўлдан ташқари) салондан чиқариш, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади”.

“Кейинчалик ҳайдовчининг маълум қилишича, у нотаниш қизларни манзилларига олиб бориб қўйиш учун йўлдан миндирган. Қоидабузарликнинг бевосита иштирокчилари ҳозирги вақтда аниқланмоқда. Уларга нисбатан ҳам Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасига (майда безорилик) мувофиқ чора кўрилиши кўзда тутилмоқда”, дейилади мазкур хабарда.

Мазкур моддага кўра, “жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.”

Шунингдек, текширув давомида автомобилга амалдаги қонунчилик талабларини четлаб ўтилган ҳолда ўзгартириш киритилгани аниқланди (ўзгартириш киритиш учун ИИВ ЙҲХББ рухсати йўқ). Шу муносабат билан  “Lacetti” Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига мувофиқ жарима майдончасига жойланди.