Ўзбек аёлининг ҳар бир либосида унинг нафосати акс этади

Самарқанд шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ёшлар ўртасида кийиниш маданияти, миллий либосларимиз, анъана ва қадриятларимизни кенг тарғиб этишга қаратилган “Нафосат – 2020” фестивали ўтказилди.

Унда вилоятимизда фаолият юритаётган 15 га яқин дизайнерлар либослар коллекциясини намойиш этди.

- “Тадбиркор аёл” уюшмасида 20 яқин тикувчи-дизейнарлар фаолият юритса, уларнинг ярми ёшлардан иборат, - дейди “Тадбиркор аёл” уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Феруза Хонкелдиева. – Уларнинг дунёқараши, янгиликка интилувчанлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши бугун тадбиркор сифатида ҳам кўплаб ютуқларга эришишига замин яратяпти. Бугун фестивалда дизейнерларимиз томонидан яратилган келинлар, оддий ўзбек аёлининг, миллий анъанларимиз уйғунлаштирилган замонавий аёл образларини кўришимиз мумкин.

Фестиваль доирасида “Аёллар ва ёшлар орасида кийиниш маданияти” мавзусида семинар-тренинг, “Самарқанд миллий либослари тарихи” модалар намойиши, вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларининг миллий ҳунармандчилик кўргазмаси, “Либос – миллатнинг маданияти белгиси ва “маънавият тимсоли”, “Замонавий ўзбек аёлининг имижи”, “Ўзбек миллий модаси” мавзуларида дизейнер, мутахассис ва ёшлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказилди.

- Арт-галереямиз фаолият юритаётганига 15 йил бўлди, - дейди “Бахтли қушча” арт-галереяси раҳбари Елена Ладик. – Корхонамизда 5 нафар дизейнерлар асосан табиий матолардан, қўл меҳнати асосида либослар яратишга ҳаракат қилади. Ҳар бир композияси устида ойлаб ишлашга тўғри келади. Уларнинг бош кийимидан тортиб, пойабзалларигача яратилган либосларга уйғун бўлишига катта аҳамият берамиз. Бугунги либослар жамланмаси асосан карантин даврида дизейнерларимиз томонидан яратилди. Биз ўз кўргазмамизни Рига, Латвия, Москва каби кўплаб давлатларда намойиш этдик.

“Нафосат – 2020” фестивали икки кун давом этади.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА,

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.