Масофавий таълим: Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда куннинг исталган пайтида ўқиш имконияти яратилди

Яқинда “Зарафшон” газетасида “Масофавий таълим: сабоқ, хулоса, режа” номли мақолани ўқидим. Масофавий таълим бугунги куннинг долзарб мавзусидир. Замонавий ахборот ва коммуникация технологияларининг таълим жараёнига кириб келиши анъанавий ўқитиш усулларига қўшимча равишда янги ўқитиш шакли - масофадан таълим бериш имкониятини берди.

Масофавий ўқитиш барча таълим олиш истагида бўлганларга ўз малакасини узлуксиз ошириш имконини яратади. Унинг қулайлиги шундаки, ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда куннинг исталган пайтида ўқиш имконияти мавжуд бўлиб, таълим олувчи мустақил ўқув-услубий материалларни ўзлаштиради.

Таълим тизимидаги ушбу янги таълим шакли арзон ва қулайлиги сабабли жамият аъзоларининг барча қатлами учун таълим олиш имконияти яратилишига сабаб бўлди.

Жамиятдаги ҳар бир янгилик унинг аъзолари томонидан бир хилда қабул қилинмаслиги барчамизга маълум. Масофавий таълим ҳам дунё амалиётида 10 йилдан ортиқ вақтдан буён қўлланилиб келаётган бўлса-да, лекин унинг ривожланиш даражаси ҳамон пастлигича қолаётганди. Аммо Covid-19 пандемияси масофавий таълимни инкор этиб келаётган дунёнинг кўплаб мамлакатлари қатори Ўзбекистонда ҳам ушбу таълимга бўлган муносабат ва ҳолатнинг кескин ўзгаришига сабаб бўлди. Жорий йил март ойидан буён таълимнинг барча босқичлари масофавий таълимни ўз амалиётида синаб кўрди. Таълим олувчиларга масофавий таълим орқали зарур билимлар ўз вақтида етказиб берилди, тизимда мавжуд муаммолар ва камчиликлар аниқланди. Масофавий таълимни ривожлантириш ва сифатини ошириш тўғрисида жамоатчиликда илмий ва амалий ғоялар пайдо бўлмоқда.

Лекин интернет таъминоти, тингловчилар ва талабаларни назорат қилиш имкониятларининг такомиллашмаганлиги таълим сифатининг етарли бўлишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Таълим дастурини ўзлаштириш, унинг сифати, интернет таъминоти ва кам таъминланган оилаларда интернет ҳамда ахборот технологиялари билан таъминлаш имкониятининг пастлиги масофавий таълимнинг ривожланишидаги муаммолардан ҳисобланади.

Шу сабабли ўқувчининг таълим дастурини ўзлаштиришдаги иштироки, ўзлаштириш даражасини аниқлаш, таълимнинг умумий сифатини назорат қилиш механизмларини  такомиллаштириш мақсадга мувофиқ.

Ҳалимжон ЭРГАШЕВ,

Юристлар малакасини ошириш маркази бош мутахассиси.