Масъуллар депутатларга ҳисобот берди
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 89-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири З.Каримов бошқарди.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 февралдаги “2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Самарқанд ҳудудий филиали раҳбари Умид Назаров ва “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директори Ансор Муҳаммадиевнинг ҳисоботлари эшитилди.
У.Назаровнинг таъкидлашича, жорий йилда ижтимоий соҳа муассасаларида ўрнатилган 786 дона қуёш панел ҳисобига 12,4 МВт/соат, 3266 та аҳоли хонадонларига ўрнатилган қуёш панеллар ҳисобига 3,55 МВт/соат, 346 та тадбиркорлик субъектларига ўрнатилган қуёш панеллар ҳисобига 3,6 МВт/соат электр энергияси иқтисод қилинган.
Давлат раҳбари қарорида белгиланганидек, корхона ва ташкилотлар, муассасалар ва аҳоли хонадонларида қуёш панеллари ўрнатиш ишлари давом этмоқда. Аммо бу вазифа барча жойларда ҳам бирдек ижро этилмаяпти. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланаётган субъектларнинг аксарияти электр тармоқлари корхоналари билан шартнома имзоламаган. Ваҳоланки, бу орқали улар кўплаб имтиёз ва енгилликларга эга бўлишлари мумкин.
Soliq.uz мобил платформаси орқали “Қуёшли хонадон” дастурига киритиш ишлари ҳам талаб даражасида эмас. Бугунги кунда бор-йўғи 402 та хонадон бўйича аризалар рўйхатга олиниб, шартномалар тузилган.
16 та кўп қаватли уйларга қуёш панеллари ўрнатилиши белгиланган бўлиб, бугунги кунда фақатгина Пайариқ туманида 20,0 МВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконига эга бўлган қуёш панели қўйилган, холос.
“Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиали директорининг ҳисобот беришича, Президент қарорининг 8-иловасига мувофиқ, вилоят бўйича 523 та ижтимоий соҳа объектини, жумладан, 229 та умумий таълим мактаби, 223 та мактабгача таълим муассасаси ҳамда 71 та тиббиёт муассасасини табиий газдан кўмир ёқилғисига ўтказиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар 453 та ижтимоий соҳа обектига табиий газ етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилган.
Иккала соҳа масъуллари энергия манбаларини тежаш ва улардан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот бериб, ўз таклифларини билдирди.
Шундан сўнг вилоятда 2023-йилнинг биринчи ярим йиллигида давлат ва маҳаллий бюджет даромадлари прогноз кўрсаткичларининг ижроси тўғрисида вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, биринчи ярим йилликда умумий даромадлар прогноз режаси 2 313,8 миллиард сўмга (105,9 фоиз) бажарилди. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ихтиёрида 171,4 миллиард сўм маблағнинг қўшимча манбаси яратилди. Аммо айланмадан олинадиган солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ режаси бажарилмаган.
Йилнинг биринчи ярмида вилоят маҳаллий бюджетининг харажатлар қисми 89 фоизга ижро этилиб, 4 триллион 161,3 миллиард сўмлик харажатлар амалга оширилди.
Сессия кун тартибига кўра, вилоят ИИБ бошлиғининг ўринбосари – жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи Хондамир Умаров 2023 йил биринчи ярим йиллигида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.