МДҲ давлатлари ветеринария фармакологлари ва токсикологларининг VII халқаро қурултойи бўлиб ўтмоқда
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида “Фармакология ва токсикология фанининг замонавий ривожланиш тенденциялари, истиқболдаги вазифалар ва антибиотик резистентлик муаммоларининг ечимлари” мавзусида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ветеринария фармакологлари ва токсикологларининг VII халқаро қурултойи бўлиб ўтмоқда.
Тадбирни очиб берган Бутунроссия патология, фармакология ва терапия ветеринария илмий-тадқиқот институти илмий раҳбари, РФА академиги Сергей Шабунин фармакология ва токсикология фанининг замонавий ривожланиш тенденциялари, истиқболдаги вазифалар ва антибиотик резистентлик муаммоларининг ечимлари мавзусида кўрилаётган масалалар ва уларнинг ечимлари хусусида сўз юритди.
- Бугунги қурултойда олти давлатдан ўттизга яқин соҳа мутахассислари қатнашмоқда, - деди университет ректори, профессор Худойназар Юнусов. – Қурултойда кўтарилаётган асосий мавзу чорвачиликни ривожлантириш бўлса-да, биз асосий эътиборни антибиотикларга чидамлиликка қаратамиз.
- Мен Ўзбекистонга биринчи марта келишим, - деди Туркиянинг Истамбул университети профессори Али Айдин. – Мен Истамбул университетининг вакили сифатида антибиотикларга чидамлилик бўйича маъруза ўқиш учун келдим. Ушбу конференция жуда долзарб муаммога бағишланган. Айнан антибиотикларга чидамлилик ва антибиотикларни қўллаш бўйича Туркияда ва Европада ўтказилаётган тажрибалар билан ўртоқлашдим. Келажакда мана шу соҳада Ўзбекистон билан университетлар ўртасида халқаро лойиҳалар ва халқаро ҳамкорлик ўрнатиш ниятимиз бор.
Тадбирда “Фармакология ва токсикология фанининг замонавий ривожланиш тенденциялари, истиқболдаги вазифалар ва антибиотик резистентлик муаммоларининг ечимлари”, “Маҳсулдор ҳайвонларнинг очиқ бўшлиқлари патогенларида антибиотикларга чидамлилик генларнинг муаммолари ва тарқалиши”, “Паразитларга қарши чора-тадбирлар тизимида доривор ўсимликлар” каби мавзуларда маърузалар қилинди.
Қурултойда Бутунроссия патология, фармакология ва терапия ветеринария илмий-тадқиқот институти илмий раҳбари Сергей Шабунин, Қозоқ Миллий аграр тадқиқотлар университети профессори Абдирахман Омбаев, Тожикистон техника университети профессори Анвариддин Муҳиддиновларга Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети фахрий профессори илмий унвони берилди.