Мегаполислар дарахтлар туфайли йилига 150 миллион доллар тежайди

Атрофимиздаги дарахтлар инсониятнинг тўлақонли яшаши учун ҳаётий аҳамиятга эга. Яшил олам шаҳар ҳавосини 2-8 даражага салқинлаштиради. Битта дарахт йилига 15 минг литргача сувни тупроқда сақлайди. Дарахтларнинг атроф-муҳитга бераётган фойдаси туфайли мегаполислар ҳар йили 150 миллион долларга яқин маблағ тежайди.
Лекин дарахт баргларини ёқиш экологияга катта салбий таъсир кўрсатади. Статистик рақамларга қарайдиган бўлсак, бир тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 килограмм углерод оксиди ажралиб чиқади. Бундан ташқари, инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга зарар етказувчи бошқа моддалар, яъни олтингугурт ангидриди, қурум, азот оксиди ва мураккаб таркибли органик бирикмалар – диоксинлар ҳам ташланади. Хазондан чиқаётган тутун атмосфера таркибидаги кислород миқдорини камайтиради. Айниқса, чала ёнган хазон ўзидан заҳарли газ чиқаради. Ундан ажралаётган тутун атмосферада тўпланиб, ҳавога карбонат ангидрид гази чиқаради.
Мутахассисларнинг фикрича, зарарли моддаларга тўйинган ҳаводан нафас олган кишининг нафас йўллари, кўзи ҳамда марказий асаб тизими шикастланади. Шу билан бирга, организмда ўпка саратони, бронхиал астма каби хавфли касалликлар келиб чиқиш хавфи ортади. Хазонни ёқишдан келиб чиқадиган зарарли тутун, айниқса, болалар, юрак қон-томир, нафас олиш йўллари хасталикларига чалинган ҳамда аллергияси бор инсонларга кўпроқ салбий таъсир кўрсатади.
Шуни унутмаслик керакки, коронавирус пандемияси шароитида атмосферанинг турли моддалар билан ифлосланиши, ушбу касаллик билан касалланганлар, тузалиб чиққанлар учун эса ниҳоятда зарарлидир.
Хайрулла АТАМУРОДОВ,
Самарқанд шаҳар Экологик партия раиси.