Меҳнат соҳаси экспертлари Самарқандда жам бўлади
Жорий йилнинг 8-10 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ҳамкорлигида «Тез ўзгарувчан меҳнат соҳаси: муаммо ва ечимлар» мавзусида миллий конференция ва «Трансмиллий корпорацияларга ва ижтимоий сиёсатга тааллуқли принциплар тўғрисидаги уч томонлама декларацияси: касаба уюшмалари учун ҳаракатлар воситаси» мавзусида халқаро семинар ўтказилади.
ХМТнинг меҳнат соҳаси истиқболи масалалари бўйича глобал комиссиясининг «Порлоқ келажак учун ишлаш» номли маърузаси муҳокамасига бағишланган миллий конференцияда ижтимоий шериклар, халқаро экспертлар ҳамда Марказий Осиё давлатлари - Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Туркманистон касаба уюшмалари Федерациялари вакиллари иштирок этиши кутилаётир.
- Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблясининг 72-сессиясидаги чиқишидан сўнг, Ўзбекистоннинг меҳнат муносабатларидаги қатъий позицияси мазмун-моҳиятини бутун дунё англаб етгандек бўлди, - дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. - Мамлакатимизда муносиб ҳаётга асос бўлувчи меҳнатнинг мажбурийлик касб этадиган барча кўринишларига қарши узоқ йиллик тизимли ҳаракати ниҳоят ижобий баҳоланди. Бир қатор давлатлар, жумладан, АҚШ ишлаб чиқаришда мажбурийлик касб этган ҳолатлар, хусусан, болаларнинг мажбурий меҳнати ҳосиласи дея, пахтамизни харид қилишига тақиқ қўйиб келишаётганди. Ниҳоят, халқаро ташкилотларнинг беш йилдан ортиқ вақт мобайнидаги мониторинг кузатувларидан сўнг меҳнат борасида кўп йиллик асоратдан қутилганлигимиз эътироф этилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.