9 ойда самарқандлик 4,2 мингдан ортиқ ишчи-ходимлар турли санаторийларда дам олиб, соғлигини тиклади
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вилоят кенгашида бўлиб ўтган матбуот анжуманида кенгаш раиси С.Рафиқов Федерация бош кенгаши томонидан касаба уюшмалари ташкилотлари олдига қўйилган топшириқларнинг бажарилиши, шунингдек, аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамда ишчи-ходимларни туризмга жалб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси ўртасида 2023-2025 йиллар учун тузилган минтақавий жамоа келишувга асосан, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашда ҳамкорлик қилиш, аҳоли ҳаёт даражасини ошириб бориш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлаш учун самарали ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ижтимоий шериклик тамойили амалга оширилмоқда.
Шунингдек, тадбирда Федерация Бош кенгаши томонидан касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш, уларнинг меҳнат жамоалари, маҳалла ва қишлоқлар аҳолиси орасига кириб боришида янгича шакл ва тамойиллар билан ҳаракат қилишлари учун 20 дан зиёд вазифалар ҳақида сўз борди. Жумладан, касаба уюшмалар аъзолари сонини ошириш, тармоқ ва ҳудудий келишувлари, жамоа шартномаларини бажарилишини доимий назорат қилиш, корхона-ташкилотларда меҳнат муҳофазасига оид талабларга риоя қилиш, ишчи-ходимларни ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш, гендер-аудитни йўлга қўйиш каби қатор вазифа ва топшириқларнинг бажарилиши назорат остига олинади.
Касаба уюшмалари тизимида туризмни ривожлантиришга қаратилган “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида жамоа шартномалари ва тармоқ келишувларига киритиш орқали жорий йилнинг ўтган даврида 9500 нафар, шундан 6283 нафари ўз ҳудудларидаги диққатга сазовор қадамжоларга, 3217 нафарини тарихий шаҳарларга, ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзоларининг саёҳатлари ташкил этилди. Жумладан, Хоразмга 3 кунлик сафарга 1150 нафар, Тошкент шаҳрига 350 нафар ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари 2 кунлик бепул саёҳатга бориб келишди.
- Жорий йилда 6 мингдан ортиқ меҳнаткашларни соғломлаштириш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 4236 нафар ходим турли санаторийларда дам олиб, ўз соғлигини тиклаб қайтди, -дейди Суҳроб Рафиқов. - Шунингдек, уларнинг минг нафардан зиёд оила аъзоларининг ҳам дам олиши таъминланди. 164 нафар меҳнат ва уруш фахрийлари, байналминалчи жангчи, Чернобилчи ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг ишловчи вакиллари, 153 нафар ўқитувчи ва мураббийлар бепул соғломлаштирилди.
Вилоятимизнинг олис қишлоқларида фаолият юритаётган 900 нафар хотин-қиз учун Самарқанд шаҳри бўйлаб зиёрат ҳамда “Муқаддас аёл” номли маданий тадбир ташкил этилди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.