Самарқанд халқаро туристик маркази яқинида маъданли сув чиқди
Бу ерда санаторий қуриш таклиф этилмоқда.
Самарқанд вилоятида бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қарашли битта санаторий, 12 та болалар оромгоҳи фаолият кўрсатмоқда. Яқин йилларда уларнинг сонини янада ошириш, мавжудларида замон талабларига мос шарт-шароит яратиш кўзда тутилган. Бу борада дастлабки ҳаракатлар ҳам амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2021 йилда Федерация томонидан Нуробод тумани Нурбулоқ маҳалласидаги “Абу Али ибн Сино” санаторийсининг 100 ўринли қўшимча янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилган эди.
– Санаториймиз родонли сув орқали ҳаракат-таянч аъзолари, кардиологик, неврологик хасталикларни даволашга мўлжалланган, – дейди “Абу Али ибн Сино санаторийси” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нодир Камолов. – 730 метр чуқурликдан шифобахш сув чиққанлиги сабабли ўтган асрнинг 90-йилларида мазкур маскан ташкил этилган. Айни пайтда ҳудудда хусусий ва турли ташкилотларга қарашли 30 га яқин катта-кичик сиҳатгоҳ бор. Аммо барибир асосий санаторийга келиб дам олишни истовчилар кўп. Ана шу талаб ва эҳтиёж ҳисобга олиниб, қолаверса, дам олувчиларга ҳар томонлама қулайлик яратиш мақсадида 2021 йилда 100 ўринли янги корпус қурилди. Беш қаватдан иборат бинода 54 та оддий ва люкс хоналар билан бирга муолажа хоналари, ошхона мавжуд. Дам олувчилар бинодан чиқмаган ҳолда муолажа олишлари, овқатланишлари ва ўз хоналарида ҳордиқ чиқаришлари мумкин. Авваллари қиш пайтларида санаториймизга келувчилар кескин камайиб кетарди. Кейинги уч йилдан буён қишда ҳам ўринлар бандлиги 60-65 фоиздан кам бўлмаяпти. Биргина ўтган йил 7 минг 800 нафар дам олувчи ҳордиқ чиқарган бўлса, бу йил бошидан буён 5,5 минг киши келиб, саломатлигини тиклади. Ҳатто Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатлардан дам олувчилар келмоқда. Бу, албатта, яратилган шароит ва қўшимча қулайликлар туфайлидир.
Санаторийда кейинги йилларда тоза ичимлик сув масаласи ҳам муаммо бўлган. 2021 йилда янги бино қурилиши билан бирга 11 километр масофадан тоза ичимлик сув тармоғи тортилиб, бу муаммо ҳам бартараф этилди. Дам олувчилар сонининг ошиши ва даромад кўпайиши натижасида муассасанинг эски бинолари ҳам босқичма-босқич таъмирланиб, замон талабларига мос шароит яратилмоқда.
Нодир Камоловнинг таъкидлашича, ўтган йил 660 миллион сўм соф фойда ҳисобидан биринчи бўлим таъмирланиб, жиҳозланган бўлса, бу йил даволаш бўлимини кенгайтириш ва иккинчи бўлимни таъмирлаш кўзда тутилган.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгашининг маълумотларига кўра, сўнгги йилларда вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, муассасаларнинг касаба уюшмалари аъзоси бўлган ишчи-ходимлари ва уларнинг оила аъзоларининг санаторийларда дам олишлари учун йилига 6 мингдан ортиқ йўлланма ажратилмоқда. Лекин талаб бундан икки-уч баробар юқори бўлаётгани айтилмоқда.
– Аҳоли турмуш даражасининг ўсиши, халқимизнинг ўз саломатлигига эътибори ошиб бориши туфайли кейинги йилларда санаторийларда дам олиш истагидаги юртдошларимиз сафи кенгаймоқда, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. – Узоққа бормайлик, бундан саккиз йил олдин, 2016 йилда вилоятимизга юртимиздаги санаторийлар учун 2400 та йўлланма ажратилган экан. Бу йил эса бу рақам 6200 тани ташкил этмоқда. Йилнинг 7 ойида 2800 нафардан ортиқ ишчи-ходим ва уларнинг оила аъзолари йўлланма асосида санаторийларда дам олиб, саломатлигини тиклади. Жумладан, 126 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари, имтиёзли тоифага мансуб аҳоли ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар вакиллари бепул йўлланма асосида дам олиши таъминланди. Албатта, халқимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариши, саломатлигини тиклаши учун юртимизда мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида Федерациямиз томонидан ҳар йили сўлим табиат масканлари, тоғли ҳудудларда замонавий санаторий ва болалар оромгоҳлари бунёд этилмоқда. Вилоятимизда ҳам 2021 йилда 56 миллиард сўм маблағ эвазига “Абу Али ибн Сино” санаторийсининг янги биноси қурилган эди. Бу йил эса Каттақўрғон туманидаги собиқ "Ибн Сино" болалар оромгоҳи негизида 360 ўринли, замонавий шарт-шароитга эга оромгоҳ бунёд этилмоқда. Эътиборлиси, бу ерда вилоятимиз ишчи-ходимларининг фарзандлари нафақат ёз ойларида, балки йилнинг барча фаслида дам олишлари учун имконият яратилмоқда. Биз келгусида вилоятимизда санаторий ва болалар оромгоҳларини кўпайтириш мақсадида бир қатор таклифларни билдирганмиз ва ушбу таклифлар асосида лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, бундан икки йил олдин ташкил этилган Самарқанд халқаро туристик маркази атрофида қурилиш ишлари жараёнида маъданли сув топилди. Бу сувнинг хусусиятлари ўрганилганда, инсон организми учун фойдали ва бир қатор хасталикларни даволаши аниқланди. Шу боис ана шу ерда санаторий қуриш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, Ургут ва Қўшработ туманларининг тоғли ҳудудларида ҳам иккита санаторий, Самарқанд туманида ёпиқ сув спорт саройи қуриш таклифини берганмиз. Бу лойиҳалар ҳам амалга ошса, вилоятимиз аҳолисининг сўлим гўшаларда дам олиб, саломатлигини тиклаши, спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар кенгаяди.
Ғ.Ҳасанов,
Ҳ.Элтоев (фото).