Менинг биринчи ўқитувчим

Тойлоқ туманидаги 20-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Маҳбуба Раҳматовани тумандаги Пайшанбасиёб маҳалласи ҳудудида яшовчи фуқароларнинг кўпчилиги ана шундай эъзозлашади.

Ўттиз бир йилдан буён ушбу таълим даргоҳида мактабга илк қадам қўйган болажонларга хат-савод ўргатиб, уларнинг ўқиш-изланишга бўлган қизиқишини ошириш йўлида фидокорона меҳнат қилиб келаётган Маҳбуба Раҳматова бугун ҳам ўзгача шижоат билан таълим-тарбия ишлари билан банд.

Эътиборли томони шундаки, устоздан илк сабоқ олган собиқ ўқувчилар фарзандларини ҳам албатта, ўз устозлари қўлида таълим-тарбия олишини исташади. Шу боис М.Раҳматова таълим бераётган 2-“В” синфи ўқувчиларининг 18 нафари собиқ ўқувчиларининг фарзандлари экан.

– Ўқувчилик пайтимда ўқитувчиликка қизиққан эдим, – дейди халқ таълими аълочиси М.Раҳматова. – Ўша қизиқиш, орзу-ҳавас ҳали ҳам қалбимда ўчгани йўқ. Йиллар ўтгани сари касбимга бўлган меҳрим ошиб боряпти. Ўқувчилар билан имкон қадар кўпроқ ишлашга, уларга ҳар бир дақиқадан унумли фойдаланиб, кўпроқ билим беришга ҳаракат қиламан.

Барчага бирдек аён, инсон доимо ён-атрофидагиларга нисбатан рақобат ҳиссини туйиб яшайди. Айни ўша жараённи ўқувчилар ўртасида илм ўрганишга йўналтириш уларнинг ўзлаштириш даражасини ошириш имконини беради. Шунинг учун фаолиятимда ўқувчиларни ўзаро мусобақалаштириб, дарс беришга ҳаракат қиламан.

20-умумий ўрта таълим мактабида Маҳбуба Раҳматовадан таълим олиб, мактабни аъло баҳоларга битирган собиқ ўқувчиларнинг уч нафари бугун ўз устозлари билан бир жамоада меҳнат қилмоқда.

А.ИСРОИЛОВ.