Меркел Озарбайжон ва Арманистонни ўт очишни тўхтатишга чақирди
Германия канцлери Ангела Меркел Озарбайжон ва Арманистон етакчиларига зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар олиб бориш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
“Канцлер Ангела Меркел кеча телефон орқали Арманистон бош вазири Никола Пашинян билан, бугун Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан суҳбат ўтказди. Суҳбат чоғида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида юзага келган келишмовчилик муҳокама қилинди. Канцлер зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва музокаралар столига қайтиш зарур эканлигини алоҳида таъкидлади. Бунинг учун ЕХҲТ (Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) Минск гуруҳи вакиллиги шаклида форум таклиф қилади. Қўшни давлатлар вазиятни тинч йўл билан ҳал қилинишига ҳисса қўшиши керак”, - дейилган Германия Федератив Республикаси ҳукумати баёнотида.
26 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ ҳудудида Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги вазият зиддиятли тус олди. 27 сентябрь куни Озарбайжон Мудофаа вазирлиги, Арманистон қуролли кучлари аҳоли яшаш пунктларини ўққа тутганлиги ҳақида хабар берди. Бунга жавобан Арманистон Мудофаа вазирлиги, Қорабоққа Озарбайжон томонидан “ҳаводан ва ракеталар билан” ҳужум уюштирилганини таъкидлади.