МИБ Булунғурда ўзлаштирилган 29 миллиондан ортиқ пулларни аниқлади
Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлимида жойлашган “Ипотекабанк” АТИБ Самарқанд вилоят филиалининг 30-сонли жамғарма кассасида текшириш ўтказилди.
Маълум бўлишича, 2017-2019 йиллар давомида энергия ресурслари тармоғидан узилган 39 нафар истеъмолчилар томонидан тармоққа қайта уланиш учун тўланган 14 миллион 898 минг сўм пул маблағлари ва бўлим давлат ижрочилари иш юритувида мавжуд бўлган ижро ҳужжатлари бўйича 46 нафар фуқаролар томонидан давлат фойдасига тўланган 8 миллион 938 минг сўм пул маблағлари учун банк муҳри туширилган тўлов квитанциялари берилган. Бироқ, ўрганиш давомида бу пуллар банк касса дастурига кирим қилинмасдан ўзлаштириб юборилган.
Бундан ташқари, текшириш давомида бўлим давлат ижрочилари иш юритувидаги 19 та ижро ҳужжатларига қўшилган тўлов квитанциялари билан банк филиалида мавжуд бўлган тўлов квитанциялари таққослаб кўрилганда яна 6 миллион 410 минг сўм пул маблағлари учун банк муҳри туширилган тўлов квитанциялари мавжудлиги аниқланди. Лекин банк филиалида худди шу ижро ҳужжатлари учун 593 минг сўмлик банк муҳри туширилган сохта тўлов квитанциялари мавжудлиги аниқланиб, ўртадаги фарқ 5 миллион 616 минг сўмни ташкил қилди.
Умумий ҳисобда жамғарма касса ходимлари Ж.Қурбонов ва Ҳусан Абдуллаевлар давлат фойдасига ундирилиши лозим бўлган 29 миллион 453 минг сўм пулларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди.