МИБ: Ножўя хатти-ҳаракат содир этганлар билан муроса қила олмаймиз

МИБ: Ножўя хатти-ҳаракат содир этганлар билан муроса қила олмаймиз

Таъкидлаш керакки, бугун коррупция ҳолатларига кескин кураш кетаётган бир вақтда, аввало, унинг илдиз отишига сабабчи бўлаётган омиллар билан курашиш энг самарали усуллардан бири, десак адашмаган бўламиз. Айниқса, бу пул билан боғлиқ ҳолатларда янада қалтис вазиятларни юзага келтиради.

Хўш, бюро ходимлари соҳадаги коррупция ҳолатларини қандай бартараф этишмоқда?

Мажбурий ижро бюроси соҳадаги коррупция ҳолатларини бартараф этишга жиддий масала сифатида қаратмоқда. Бюро ташкил этилган вақтдан буён коррупция иллатига қарши курашиш масаласи асосий вазифа ва талаблардан бири бўлиб қолмоқда.

Шуни айтишим керакки, Бюро органларида ходимлар томонидан ножўя хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, коррупцион ҳолатларни фош этиш мақсадида ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоғи айнан тизимдаги ушбу масалалар билан шуғулланади.

Биргина, Бюро ташкил топгандан буён бошқарма тизимидаги 7 нафар ходим томонидан содир этилган ножўя хатти-ҳаракатларнинг 6 таси ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоқ ходимларининг ташаббуси асосида фош этилган.

Юқоридаги хабарда келтирилган ҳолат ҳам бошқарманинг ички хавфсизликни таъминлаш махсус тармоғи томонидан хизмат текшируви олиб борилган. Оддийгина айтганда, Бюро ходими деган номга доғ туширган ходимларга нисбатан муросасиз муносабатлар билдирилмоқда.

Хабар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламизки, О.Нуралиев муқаддам Бюронинг Пахтачи тумани бўлими давлат ижрочиси лавозимида ишлаб келган.

Фуқаро Г.Худойбердиеванинг мурожаатига асосан муқаддам Бюронинг Пахтачи тумани бўлими давлат ижрочиси лавозимида ишлаб келган О.Нуралиев ва бошқаларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилган.

Текширув давомида фуқаро Г.Худойбердиева собиқ давлат ижрочиси О.Нуралиевнинг иш юритувидаги ижро ишининг унга нисбатан бўлган қисмини тамомлаш эвазига 4.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилаётганлигини баён қилиб, қонуний чора кўришни сўраган.

Аниқланишича, Бюронинг Пахтачи тумани бўлими давлат ижрочиси О.Нуралиев ўзининг норасмий жамоатчи ёрдамчиси А.Абдувалиевни жалб қилиб, иш юритувида бўлган ЖИБ Пахтачи тумани судининг Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “б,в,г” бандлари ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан фуқаро Г.Худойбердиева ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан чиқарилган ижро иши бўйича ундирувчилардан жами 18.087.650 сўм етказилган моддий зарарни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини тамомлаш эвазига фуқаро Г.Худойбердиевадан 4.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағларини талаб қилиб, 2019 йил 13 сентябрь куни ўтказилган тезкор тадбирда ушбу маблағларни олаётган вақтида ушланган. Ҳозирда улар ўз айбларига яраша суд ҳукми билан жазосини олган.

Юқоридаги таъкидлаганимиздек, Бюро ножўя хатти-ҳаракат содир этган ходимлар билан муроса қила олмайди. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги ходимларимизнинг муомала маданияти, аҳоли билан ишлашининг аҳволи ва улар ҳақидаги шикоят ва мурожаатлар ўрганиб борилади.

Дўстбек СУЛАЙМОНОВ,

МИБ Самарқанд вилояти бошқармасининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот тармоғи катта инспектори.