Миграция ва одам савдоси бўйича махсус телеграм бот ишлаб чиқилди

Бу ҳақда ИИВнинг Тероризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармасининг Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси хабар  қилди.

Маълум қилинишича, одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси ва “Winrock International” ташкилоти томонидан амалга оширилаётган USAIDнинг “Марказий Осиёда хавфсиз миграция” лойиҳаси доирасида миграция ва одам савдоси масалалари бўйича виртуал онлайн маслаҳатчи @salom_migrant_bot телеграм ботини ишлаб чиқди.

Чат бот орқали меҳнат мигрантлари хорижда ишлаш ва яшаш қоидалари, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек мигрантлар учун мавжуд кўмак ҳақида маълумотлар олишлари мумкин.

Шунингдек, чат бот орқали одам савдоси билан боғлиқ вазият юзасидан онлайн тарзда «долзарб алоқа»га мурожаат этиши мумкин. Бундай мурожаат тўғридан тўғри Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиясига тушади.

Ботда келтирилган маслаҳатлар хорижда хавфсиз иш топишга ёрдам беради ва ватанга қайтган мигрантлар учун мавжуд имтиёзлар ҳақида маълумот беради. Шу билан бирга, ботда коронавирус инфекциясига оид фойдали маслаҳатлар ҳам келтирилган.