Миллий гвардия ходими чўкаётган аёлни қутқариб, ўзи чўкиб кетди
Наманганда ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёлни қутқарган Миллий гвардия ходими қидирилмоқда. Бу ҳақда Миллий гвардиянинг матбуот хизмати хабар берди.
Воқеа кеча, 10 февраль куни содир бўлган. Наманганнинг Уйчи тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Норин дарёси кўпригида хизмат фаолиятини олиб бораётган Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходими А.Абдулвоҳидов дарёда чўкаётган аёлни кўриб қолган ва зудлик билан ёрдамга шошган.
Аёл айни дамда руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда турувчи, 1994 йилда Наманган туманида туғилган Н.О. бўлган. Аниқланишича, у ўз жонига қасд қилишга ҳаракат қилган ва ўзини дарёга ташлаган.
Ҳодиса содир бўлган жойда хизматда бўлган ходим аёлни кучли оқим домидан олиб чиқиб, қирғоқдаги шеригига топширган. Аммо қиш фаслидаги сув ҳароратидан томирлари тортишиб қолиши оқибатида дарёнинг кучли оқими уни олиб кетган.
Қутқарилган аёл зудлик билан шифохонага етказилиб, ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли орган ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аммо ўз қасамёдига содиқ ҳолда хизматга шай бўлган, бир инсоннинг ҳаётини сақлаб қолган ходимнинг ўзидан ҳозиргача дарак бўлмаяпти.
Айни пайтда халоскор ходимни қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.