Миллий гвардия ходими ва МИБ бошлиғининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди

Миллий гвардия ходими ва МИБ бошлиғининг ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланди, дея маълум қилди ЎзА.

7 август куни, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Қарши шаҳар бўлими бошлиғи У.Элмуродовнинг Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимига қўпол муносабатда бўлиб, хақоратлагани акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Видеотасвир Бюронинг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, У.Элмуродов Қашқадарё вилоятининг маъмурий биноларнинг бирига фуқаролик кийимида бориб, Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимига оғзаки равишда Қарши шаҳар МИБ бошлиғи эканини айтиб тушунтиради. Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходими Элмуродовдан шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатишини талаб қилганида, улар орасида ўзаро тушунмовчилик юзага келиб, бир-бирини ҳурмат қилмай қўполлик қилиш ва ҳақоратланишга айланиб кетади.

Ушбу ҳолат юзасидан МИБ қарши шаҳар бўлими бошлиғи У.Элмуродовга нисбатан хизмат текшируви тайинланди.

Шунингдек, МИБ бошлиғи билан ўзаро тортишувни жанжалга айланишига сабабчи бўлган Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимининг ҳам ҳаракатларига баҳо берилмоқда.

«МИБ ва Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ходимининг ҳаракатларига нисбатан ҳуқуқий баҳони, хизмат текшируви натижасига кўра маълум қиламиз», дейилади МИБ хабарида.