Миллийлик ўзликда намоён бўлади

Миллийлигимизни асраб-авайлаш нафақат ўз тарихимиз ва маданиятимизни сақлаш, балки уларни замонавий дунёга мос равишда ривожлантиришни ҳам англатади.
Тилимиз, анъаналаримиз, қадриятларимиз, тарихий меросимиз ва кийиб юрган либосларимиз – буларнинг барчаси бизнинг кимлигимизни билдириб туради. Ҳар бир инсон ўзига хос ёндашув билан бу жараёнга ҳисса қўшиши керак.
Самарқанд давлат чет тиллар институти халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш баробарида миллий маданият ва тилни тарғиб қилишга ҳам катта эътибор қаратади. Миллий маданий меросини келгуси авлодларга етказиш ҳамда дунё миқёсида ўзбек тилининг нуфузини ошириш институт учун энг долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Жумладан, ўзбек халқининг ўзига хос ва бой маданий анъаналарини талабаларга ўргатиш мақсадида Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий каби буюк адиб ва шоирларнинг асарларини ўрганишга қаратилган тадбирлар ташкил этиляпти. Бу тадбирларда миллий анъаналаримиз ва либосларимиз тарғиб қилинмоқда. Хусусан, “Миллий либослар - маънавият кўзгуси”, “Миллий либослар - қадриятлар тимсоли”, “Миллий либослар - қизлар кўрки”, “Миллий қадриятлар - миллат кўзгуси” мавзуларидаги тадбирларда миллий либосларнинг ўзига хослиги, тарихий аҳамияти, уларнинг миллий ўзликни англашдаги ўрни ҳақида фикрлар юритилмоқда.
Институтда жума кунлари ўқитувчилар ва талабалар машғулотларда миллий либосларда қатнашмоқда. Шунингдек, хорижий давлатлардаги ҳамкор университетларга борган ўқитувчилар миллий либосда конференцияларда иштирок этяпти.
Гарчи хориж тилларни мукаммал ўрганаётган бўлса-да, талабаларда ўзбек тилини ривожлантириш, миллий маданиятни сақлаб қолиш ва дунё бўйлаб тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар миллий қадриятлар ва маданиятга бўлган ҳурматни кучайтиради. Бу орқали институт нафақат халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, балки миллатимизнинг бой маданий меросини сақлашга хизмат қилмоқда.
Шоҳиста Саид-Аҳмедова,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчиси.