Мўъжаз жуссадаги улкан юрак ёки Суръат Орипов ҳақидаги хотираларим
1971 йил. Талабалигимизнинг дастлабки ойлари эди адашмасам. Домлаларимиздан бири, профессор Сайдулла Мирзаев хатжилд ичига солинган анчайин салмоқли: ўн саҳифадан зиёдроқ матнни қўлимга тутқазиб, ҳозирги “Зарафшон”, ўша чоғлар “Ленин йўли” деб аталган вилоят газетаси таҳририятига, маданият бўлими мудири Суръат Ориповга олиб бориб беришимни тайинлади.
Мен бу топшириқни хурсандчилик билан қабул қилиб, дарҳол йўлга тушдим. Зеро...
Таҳририят Самарқанд давлат университетининг биз ўқийдиган ўзбек ва тожик филологияси факультетидан унча узоқмас, шаҳар маданият ва истироҳат боғининг чеккасидан ўтувчи Коммунистик кўчаси 82-уйдаги қизғиш-жигарранг николайча пишиқ ғиштдан бунёд этилган уч қаватли кўҳна, лекин мустаҳкам бинода жойлашган бўлиб, мен сайр чоғлари унинг ёнидан кўп ўтган, сиртидан қизиқиш билан томоша қилган, мавриди келса, ичкарисига кириб, ушбу ижодий масканнинг завқли ҳаёти билан яқиндан танишсам, деган ниятни кўнглимга туккан эдим.
Суръат Ориповни эса таниқли шоир ва вилоят газетаси маданият бўлими мудири сифатида анча илгаридан билардим. Бунинг биринчи сабаби, унинг Рауф Парфи билан биргаликда босилган илк шеърлар китобини ҳали мактабдалик чоғимда, щтган асрнинг олтмишинчи йиллари миёнасида ўқигандим. Иккинчиси, ўнинчи синфдалигимда адабиёт ўқитувчимиз Тошбой Шодмонов ҳақида ўзимча бир “очерк” ёзиб, вилоят газетасига жўнатганман ва у босилиб чиқмаган бўлса-да, Суръат Орипов имзоси билан эълон қилинган ёш қаламкашлар машқлари ҳақидаги шарҳномада “пичоққа илинадиган”лар қатори тилга олиб ўтилган ва бу менга чандон севинчу илҳом бағишлаган эди. Табиийки, бундай пайтлар кишида ана шу эътироф муаллифи билан кўришиш ва миннатдорлик билдириш иштиёқи уйғонади. Хуллас...
Домламнинг топшириғи менга ана шу иштиёқни рўёбга чиқариш имконини ҳам яратмоқда эди.
Алҳол, европача усулда барпо этилган, “Ленин йўли”дан ташқари худди шу номдаги ўрисча газет ҳамда Морозов номли вилоят босмахонаси жойлашган салобатли иморатнинг кунгай тарафга қараган ёғоч дарвозасидан кириб, иккинчи қаватга кўтарилар эканман ич-ичимда ихтиёрсиз бир ҳаяжон, қанақадир янги туйғу, ўзгача тўлқинланиш ҳолатини ҳис этдим. Бунинг сабаби – наинки Ўзбекистон, балки Марказий Осиёдаги кекса ижодий даргоҳлардан бирига илк бор қадам қўяётганим билан боғлиқ бўлган эса ажабмас. Эҳтимолки, пайт келиб ўзимнинг тақдирим ҳам шу даргоҳ билан боғланажаги, бу ерда узоқ йиллар ишлашим, ҳатто раҳбарлик қилишим борасидаги илоҳий башорат аён бўлгандир. Ахир инсон кўнгли сезади, дейдилар-ку. Майли, ҳозирча у гапларни қўяйлик ва домламнинг мақоласини элтиш асносидаги илк ва ғоят қисқа, лекин унутилмас учрашув тафсилотларини давом эттирайлик.
“Маданият бўлими” деган лавҳа ўрнатилган эшикни дарров топдим. Тақиллатиб ичкариладим. Шифти баланд, бўйига узун, эни торроқ, анчайин қоронғу ва салқин хонада мендан ўн ёшлар катта, ўртабўй, сочи юқорига таралган, буғдойранг-қизғиш чеҳрали, кўринишидан хаёлчан ва ижодкорликка мойиллиги англашилиб турган киши хона соҳиби курсисида эмас, пастда, ходимларга мўлжалланган жойда қимтинибгина ўтирган экан. Чамаси бирор шеъри ёки мақоласини кўрсатишга олиб келган.
– Суръат ака йўқларми? – деб сўрадим.
– Ҳозир келиб қоладилар. Ўтириб туринг, – дея менга ёнидан жой кўрсатди ёш ижодкор хушмуомалалик билан. Мен бундай хайрихоҳликдан мамнун ўлароқ, пойгакроқдаги стуллардан бирига омонат ўрнашдим.
– Шеър олиб келганмидингиз? – дея сўради йигит.
– Йўқ, мақола, домламизники.
– Ҳа-а, талабамисиз? Ўзбек филологиясидами? Яхши. Мен ҳам Тошкентда, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетида ўқиганман, – деди суҳбатдошим ва дарҳол ростгўйлик ила қўшимча қилди, – Сиртдан.
– Яхши экан, – дедим мен ва эшик очилиб, қадам босишидан хона соҳиби эканлиги аниқ билиниб турган, гавдаси ўртачадан кичикроқ, лекин қадди тик, ҳаракатлари дадил ва ўктам киши кириб келгани боис суҳбатдошимнинг исми шарифи ким, қаерда ишлайди, сўрашга улгурмай қолдим. Фақат Суръат аканинг сўзидан англадимки, исми Асад. Қарангки, орадан вақт ўтиб, бу киши билан анча йиллар бирга ишлашиб, ака-ука, яқин биродар бўлиб кетдик. У таниқли ёзувчи ва журналист Асад Дилмурод экан.
Суръат ака мен билан саломлашиб, ўрнига ўтиб ўтирди. Аввал Асад акага қараб:
- Бўлди, бораверинг, мен кўриб, фикрларимни айтаман. Агар маъқул тушса, босиш учун редакторга тавсия этаман.
Асад ака чиқиб кетгач, менга юзланди:
– Келинг ука, хизмат?
Шунда мен бу бўйи пастроқ, кичик жуссали одамнинг овози ғайритабиий равишда гулдурос билан жуда салобатли ва ўктам жаранглашидан ҳайратландим. Одатда ўзига ишончи комил, руҳан қудратли, бир сўз билан айтганда, шерюрак одамлар шундай оҳангда гапирадилар.
– Домла мана буни бериб юборгандилар, – дея хатжилдни узатдим.
– Яхши. Бўлдими? Ё... ўзингизнинг ижод намуналарингиздан ҳам қўшиб опкеганмисиз домла баҳонасида, – мийиғида жилмайиб сўради Суръат ака.
– Йўқ.
– Ижод қилиб турасизми ўзи?
– Оз-моз.
– Нималар ёзасиз? Шеърми?
– Ҳикоялар машқ қиламан, – дедим мен ва бундан бир йил олдин юборган мақолам газета саҳифаларида у кишининг имзоси билан чиққан шарҳномада тилга олинганини айтдим. У жилмайди:
– Мақтаганмидим?
– Рағбатлантиргансиз.
– Демак, кўпроқ ёзишингиз, тинимсиз машқ қилишингиз керак. Тушунарлими? Ора-орада... ўзингизга маъқулларидан танлаб олиб келинг. Хўпми? Гапларингизнинг оҳангига қараганда адабиётга ҳавасингиз борга ўхшайди. Бўпти, бораверинг. Хайр!
– Раҳмат!..
Гарчанд Суръат ака на исмимни, на нечанчи босқичда ўқишим ва на нималар ёзишимни сўраган бўлса-да, унинг ҳузуридан жуда руҳланиб чиқдим. Бу қисқа даъват менда – ҳалигача ҳеч кимга кўрсатилмаган машқлар битиб юрган ҳаваскорга ижод қилиш учун берилган расмий рухсатномадек таассурот қолдирди. Анча дадил, ишонч билан машқ қила бошладим. Ҳатто...
Талабалардаги ижодий тортинчоқлик, яъни ўз машқларини ҳеч кимга кўрсатмаслик оқибатида ўз истеъдодини юзага чиқармай ўтиб кетиш ҳоллари ҳақида бир “муаммоли” мақола ёзиб, у кишига олиб бориш иштиёқи пайдо бўлди менда. Бир неча кун ҳафсала билан қоғоз қоралаб, шу мавзуда бир “битик” яратдим. Лекин...
Олиб боришга журъатим етмади. Бир имдоддан ҳовлиқиб, таҳририятга мақола ташишни бошлаб юборсам, “ишчи-деҳқон мухбирлари” тўгарагида қатнашиб, юзаки ахборотлар иншо этишнинг ҳадисини эгаллаган айрим сабоқдошларимдан фарқим қолмайди, деган андишага бордим. Зеро, дорилфунун-у факультетдаги одатий тадбирлар ҳақида хабар ёзиб, таҳририятга зир қатнайдиган “кунда-шунда” ошналарим талайгина эди. “Ҳали кўп тер тўкишинг керак оғайни, газетага шундай бир “асар” олиб боргинки, ўқиган кимса ҳайратдан ёқа ушласин” дея ҳазиломуз баландпарвоз хитоб қилдим ўзимга. Шу тариқа...
Ўқишни битказгунимча Коммунистик кўчасидаги 82-уйга қайтиб йўлим тушмади. Дарвоқе, бу орада вилоят газеталари-ю босмахона Кузнецкая (кейинроқ Улуғ Турсунов) кўчасида янги қурилган матбуот мажмуига кўчиб кетганлигини эшитдим. Албатта...
Факультетимизда бўладиган адабий кечалар, Тошкентдан келадиган таниқли ижодкорлар билан учрашувларда Суръат Ориповни гоҳ-гоҳ кўриб, шеърларини ташналик билан эшитиб турардим. Зеро, талабалик тасаввурим ила уни ўша даврларнинг замонавий ва пешқадам шоирлари Рауф Парфи, Абдулла Ориповлар қаторига қўяр, у келадиган учрашувларда албатта иштирок этишга ҳаракат қилардим. Аммо у билан алоҳида суҳбатлашишнинг мавриди бўлган эмас. Таҳририят ходимларидан Асад Дилмурод, Дилбар Саидова, яна кимлардир факультетда Нуриддин Шукуров раҳбарлик қиладиган ва биз фаол қатнашадиган “Шалола” ижодий тўгарагига тез-тез келишар, ўз асарларини муҳокама учун тақдим этишарди. Шу аснода уларнинг айримлари билан мулоқот қилиб, Суръат ака ҳақида ҳам сўраб турардим. Лекин Суръат аканинг ўзи бу тўгаракка келганини эслолмайман.
Сўнгги босқичда устозларим – профессорлар Нуриддин Шукуров, Сайдулла Мирзаев, Ботирхон Валихўжаев (кейинроқ академик бўлди) ва бошқаларнинг маслаҳатига кўра ўқишни битказгач, илмий иш билан шуғулланишга аҳд этдим. Нуриддин ака ўша чоғлар декан эди ва менинг факультетда ишга олиб қолинишим учун анча саъй-ҳаракат қилди. Бироқ аксига олиб, айни тақсимот чоғи факультетимизда бўш ўрин бўлмай қолди. Шунда...
– Жой очилгунча, вилоят газетаси таҳририятида ишлаб турасан, Аҳмаджонга айтаман, корректор қилиб ишга олади, – деб қолди Нуриддин Шукуров. Ва дарҳол телефон гўшагини олиб, бош муҳаррир рақамини терди. Унга мени нималар деб мақтаганини гапириб ўтирмайман. Ҳар ҳолда сим ортидаги суҳбатдоши талабига рози бўлди шекилли менга ўгирилиб:
– Эртага эрталаб таҳририятга бориб, Мухторовнинг ўзига учрашасан,–деди ва ҳар эҳтимолга қарши сўраб ҳам қўйди. – Таҳририятнинг янги биносини биласан-а?
– Топаман...
Эртасига каллаи саҳардан туриб, вақтинча ишлаб туришим мўлжалланаётган мўътабар маскан сари йўл олдим.
Бош муҳаррир йиғилишга кетган экан. Қабулхона котибаси масъул котибга учрашимни маслаҳат берди. Унинг қаерда ўтиришини сўрадим.
– Қўшни хонада, –деди у. – Исму фамилиялари – Суръат Орипов.
– Биламан, – дедим ва даҳлизга чиқиб ўнг томондаги икки табақали оқ эшикни дадил тақиллатдим.
– Киринг!..
Бўсағадан ўтиб, узунчоқ хонанинг тўридаги стол ёнига боришга таклиф кутиб тўхтаб қолдим.
Хона соҳиби сигарет тутатган кўйи мук тушиб қўлёзма ўқиётган экан. “Келинг” демади. Чунки танимади. Биринчи учрашувимиздан буён беш йил вақт ўтганди ахир. Саломимга бирров кўз қирини ташлаш асносида алик олди ва матндан бошини кўтармай ташрифим мақсадини сўради.
– Шукуров домла юборгандилар. Иш масаласида...
– Ҳм-м, иш, денг? Фамилиянгиз нимайди? – деб сўради ўша мени ҳайратга солган таниш гулдираган қудратли овоз билан.
Айтдим. У кеча телефон орқали бўлган суҳбатдан хабардор экан чоғи сигаретини кулдонга босиб, менга бир қўр диққат билан разм солгач, ўрнидан туриб келди. Қўл бериб кўришди. Унинг жуссаси мўъжазроқ эканига қарамай, кафти анчайин катта ва кучли эканига эътибор бердим. Овозининг гулдурос экани бежиз эмас экан.
– Юринг ,– деди у мени ўз ортидан даҳлизга бошлаб.
Эргашдим. Сатҳига “мозаика” услубида оқ-кўк гулли кулранг силлиқ бетон ётқизилган ним ёруғ даҳлизда бироз юриб, қарши тарафдаги эшиклардан бирини очди. Мен эшик тепасига “Пропаганда бўлими” деган пешлавҳа илинганини илғашга улгурдим. Хона масъул котибникига қараганда анча кичкина эса-да, кунгай томонда бўлгани учун анча ёруғ бўлиб, каттакон дераза ёнида бир-бирига қарама-қарши тақаб қўйилган ёзув столларининг ўнг томондагисида ўттиз беш ёшлардаги оқ-сариқ юзли, миқти гавдали киши ўтирар эди.
– Абдусодиқ, бу йигит бугундан эътиборан сизга шогирд. Синаб кўриб, хулосангизни айтасиз, – деди Суръат ака. Кейин менга ўгирилиб, лоқайдроқ овозда огоҳлантириб қўйди. – Ҳозирча бўш ўрин йўқ. Агар... синовдан ўтсангиз, унгача очилиб қолар. Ўтириб, ишни бошлайверинг.
Суръат ака чиқиб кетгач, Абдусодиқ ака (унинг фамилияси Муртазоев бўлиб, ушбу бўлимнинг мудири экан) мен билан кўришиш учун қўл узатишини кутдим. Не ажабким, каминани шогирдликка олаётган ушбу муҳтарам зот буни ўзига эп кўрмади. Бошдан-оёқ кўздан кечиргач қаршисидаги стол томон ишора қилди:
–Ана шу ерда ўтириб ишлайсиз. Ўтиб, жойлашаверинг.
Жойлашдим. Дарҳол миямда “нега бўш ўрин йўқлигини кеча домлага очиқ айтишмаган, наомадикор, (бу Самарқанд шевасида “мабодо”, дегани) ҳали-вери жой очилмаса, бекорга сарсон бўлиб юраманми, кейин нега бу одам мен билан қўл бериб кўришмади ёки микробофобия касали борми”, деган фикрлар айланиб, малулроқ кайфиятда кўрсатилган курсига қўндим.
– Ўзимизнинг университетдан келдингизми? – деб сўради мудир.
– Ҳа. Филология факультетини битирдим.
– Тошкентдан, журналистикани тугаллаб келган йигитлар ҳам жойлашолмай юрибди, – деди у менгами, уларгами ачиниш оҳанги билан. – Редакцияга ишга кириш осон эмас.
Бу гап менинг шусиз ҳам тушкун кайфиятимга ҳалокатли таъсир этди.
– Унда... бекорга овора бўлиб юрмасдан кетақолсаммикан. Нима дейсиз?
– Редакторнинг ўзига кирмадингизми?
– Йўқ. У киши масъул котибга учрашимни тайинлабди.
– Суръат ака аниқ ваъда бердими ўзи?
– Ҳозир ўзингизнинг олдингизда айтган гапи. Бошқа ҳеч нарса деганлари йўқ.
–Ҳа-а, бир-икки кун ишлаб туринг-чи. Бир ҳисоби бўлар...
Кейин у менга таҳририятга жамоатчи мухбирлар томонидан юборилган бир-иккита мақолаларни берди.
– Ўқиб, қайта ишлаб ва таҳрирдан ўтказиб, босишга тайёрлайсиз.
Мен мақолаларни ўқишга тутиндим. Бу орада тушлик вақти бўлди. Таомилга кўра раҳбаримни бирга таомланиб келишга таклиф этдим. Бу билан ўзимча уни зиёфат қилажагимга ишора бердим. Аммо...
– Мен тушлик қилмайман. Ўзингиз бемалол чиқиб келаверинг. Кейин... эсимдан чиқмай айтиб қўяй: эртага соат ўнда Сиёсий маориф уйида вилоят Атеизм уйининг очилишига бағишланган йиғилиш бўлади. Ишга келиб ўтирмасдан тўғри ўша ёққа ўтинг, қатнашиб, мақола тайёрлаб келасиз. Хўпми?
– Хўп!..
Асосий мавзудан четга чиқиб кетмаслик учун гапни мухтасар қиламан. Эртаси куни ўша даҳрийларнинг ўша “тарихий” анжуманида иштирок этиб, “Атеизм уйи очилди” сарлавҳали мақола ёзиб келдим. Муртазоев уни анча бўяб-бежаб, эпақага келтирди ва у ҳозирги “Зарафшон”, ўша йиллар “Ленин йўли” деб аталган вилоят газетасининг 1976 йил 1 август сонида босилиб чиқди. Ва...
Ўша мақола туфайли мудир Абдусодиқ Муртазоев дарҳол жазоланди. Бир ҳафталар ўтгач, у бўлим мудирлигидан бошқа “енгилроқ” ишга ўтказилиб, ўрнига мен кейинчалик журналистикадаги илк устозим, деб биладиган таниқли қаламкаш ва зукко инсон Манноб Нажмиддинов келди. У ҳақда бошқа хотираномаларимда кўп ва хўб сўзлаганим учун бу ерда тўхталиб ўтирмай, Суръат ака билан кейинги мусоҳаба, мубоҳаса ва мужодалаларимизга ўтаман.
Ҳабиб ТЕМИРОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
(Давоми бор)