Москваликларга маҳорат дарси ўтган сартарош

   Самарқанд шаҳрида яшовчи Бахтиёр Ёдгоров ишбилармон ёшлардан бири. У 2011 йилдан бери сартарошлик билан шуғулланиб келади. Бахтиёр ўз касбини оддий деб билмай, ўқиди, изланди. Натижада мамлакатимизнинг тажрибали, етакчи сартарошларидан бирига айланди.

Бундай таърифлашимизга сабаб бор: 2017 йилда сартарошлар ўртасида ўтказилган республика танловида ғолиб бўлди ва 2018 йилда Россиянинг Москва шаҳридаги сартарошларга маҳорат дарсларини ўтди.

   - Аввалига яқинларим, дўстларим орасида сартарошлик ҳам касбми, деганлар бўлди, - дейди Б.Ёдгоров. – Аммо бу гап-сўзлар мени мақсадим йўлидан қайтаролмади. Ўз устимда ишладим. Устозлардан сабоқ олдим.  Бугунги кунда эса шогирдларимга сартарошлик сирларини ўргатяпман. Ҳунарим орқасидан тадбиркорликка ҳам қўл урдим. “База - №1” эркаклар сартарошхонасини очдим ва 7 нафар ёшни иш билан таъминладим.

Тўлқин СИДДИҚОВ.