Муаммо маҳалладан чиқмаслиги керак

Маҳалла тизимининг асосий вазифаси ўзгармаган бўлса-да, аммо унинг фаолияти такомиллаштирилиб, эътибор янада кучайтирилмоқда.

Жорий йили пандемия даврида юртимиз бўйлаб Президентимиз томонидан оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аҳоли қатлами, маҳаллалардаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, якка-ёлғиз кексалар, доимий ишсиз фуқаролар, карантин туфайли ишсиз қолган фуқаролар, оғир эпидемиологик ҳудудлардан қайтиб келган, камбағалликдан чиқаришга муҳтож фуқаролар моддий  ва маънавий томонидан қўллаб-қувватланди.

Мен фаолият олиб бораётган маҳаллада пандемия бошланган даврдан буён ушбу тоифадаги аҳоли рўйхати шакллантирилиб, 39 нафар хонадон “Темир дафтар”га киритилди. Улар озиқ-овқатлар ва бошқа тўловлар орқали  қўллаб-қувватланди. Карантин туфайли ишсиз қолган фуқароларнинг бандлиги таъминланиб борилди.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов жорий йилнинг 19 декабрь куни қилган мурожаатини тинглаб шундай хулосага келдимки, маҳалла ходимлари халқ ичида юриб, уларнинг дардига ҳамдард бўлиб, ҳар бир фуқаронинг муаммосини билиши керак. Аниқланган муаммоларни тегишли ташкилотларга олиб чиқиб, уни бартараф этиш чораларини ҳал этиши лозим. Шундагина фуқаролар ўзларининг муаммолари билан юқори ташкилотларга мурожаат қилмасдан, маҳалла раислари ва унинг ўринбосарларига ишонган ҳолда дардларини ушбу маҳалла билан баҳам кўради.

Шунингдек, вилоят ҳокими ўз мурожаатида “Маҳалла ходимлари доимо ўзларига маҳалла аҳли мен қилаётган ишдан розими” деган саволни олдига қўйишларини таъкидлаб ўтди. Бу борада айтиш жоизки, қиладиган ишларимиз кўплигига қарамасдан, халқнинг дардини эшитиб ва уларни рози қилиш биз маҳалла ходимларининг асосий вазифамиздир.

Нодира ҲАЛИМОВА,

Самарқанд  шаҳар Илмобод маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича ўринбосари.