Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муаммолар ечимига бефарқ эмасмиз

  1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда Иштихон туманида Кўктепа маҳалласи қабристони атрофини ўраш, Бешкапа маҳалласидаги 90-мактаб биносини капитал таъмирлаш, Янгиравот, Шейхлар, Ҳазорбобо, Моҳпар, Мирзақул ва Боғбон маҳаллаларидаги йўлни таъмирлаш, Янгиравот ва Ҳазорбобо маҳаллаларида давлат хусусий шерикчилигида мактабгача таълим муассасалари қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, Зарбулоқ маҳалласидаги эски трансформатор ва яроқсиз ҳолатга келган симёғочлар янгиланяпти.

Бундан ташқари, сайлов округидаги 17 та маҳаллада 37 минг 200 дан ортиқ фуқаро истиқомат қилади. Ҳудудда 687 та кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилган. Пандемия даврида мазкур оилаларга ҳар томонлама ёрдамлашиш чоралари кўрилмоқда.

  1. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Депутат ва кенг жамоатчилик алоқаларини самарали ташкил этиш мақсадида иш режага мувофиқ жорий йилда сайлов округимда 17 марта турли мавзулардаги тадбирлар ташкил этдим. Пандемия сабабли кам таъминланган муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ишларини ўргандим. Карантин қоидаларига амал қилиш ҳақида тарғибот тадбирлари уюштирдим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгаш депутатларидан тузилган ишчи гуруҳ таркибида вилоятнинг Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Оқдарё туманлари ва Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасаларида амалга оширилаётган ишлар билан танишдик.

Шуниндек, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан маҳаллаларда 27 марта учрашувлар ўтказиб, 46 та жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини қабул қилдим. Ушбу мурожаатларда аниқланган 4 та муаммо тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови чиқариш орқали, 19 та муаммони масъуллар билан бевосита учрашиб ҳал қилдим. Мурожаатларнинг 23 таси бўйича зарур тушунтириш ва тавсиялар бердим.

  1. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Фуқаролар Наргиза Жўрақулова, Сабина Бакиева ва Дильдора Априсен Самарқанд шаҳар Қорасув массивидан уларга кредит асосидаги уйлардан ажратилганлиги, ушбу кредит тўловларини амалга оширишда имтиёзлар берилишида амалий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилди. Бу ҳақда Самарқанд шаҳар ҳокимилигига депутатлик сўрови билан чиқдим.

Жавоб хатида ушбу фуқароларга вилоят ҳокими қарори асосида уй ажратилгани, бошланғич бадал тўловининг 10 фоизи ҳомийлар томонидан тўлаб берилгани, қолган қисми 20 йилга имтиёзли равишда берилгани маълум қилинди. Ушбу фуқаролар билан тушунтириш ишларини олиб бордим.

Тозагул ХОЛИҚОВА,

27-Ўртақишлоқ сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.