“Муолажани меҳрдан бошлайдиган шифокор”

47 йил шифокор бўлиб ишлаган, яқинда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган пайариқлик шифокор фаолияти хусусида икки оғиз

2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Ана шундай шарафга лойиқ кўрилганлар қаторида, тиббиёт соҳасига муносиб ҳиссасини қўшган пайариқлик Ўроқхон Нарзуллаев ҳам бор.

Ўроқхон Нарзуллаев умрининг 47 йилини соғлиқни сақлаш тизимига сарфлаган. Шундан 40 йилини туманда ва шифохоналарда бош врач вазифасида ишлаб, эл саломатлигини тиклашдек масъулиятли вазифаларда сидқидилдан меҳнат қилган фидоий отахон.

Талабалик йилларимда отам билан бемор синглимизни кўриш учун шифохонага бордик. Синглимдан хабар олгач, отам «юр сенга зўр шифокорни кўрсатаман» деб бош шифокор ҳузурига етаклаб борди. Хонага қадам қўйганимиз билан бош врач котибаси одоб билан «Сизларга қандай ёрдам керак» деб очиқ юз билан кутиб олиши эсимда қолган. Кимсан бош врачнинг қабулида шундай муомила бўлиб турса-я. Дангалини айтадиган бўлсак, ҳозир бундай муомила кўпчилик ташкилотларда анқонинг уруғига айланган. Котибага муддаомизни айтгач, ҳозир дея бош врач ҳузурига етаклади.

Юзидан нур ёғилиб турган Ўроқхон Нарзуллаев билан суҳбатлашиш менга ана шундай насиб этган.
- Ўғлингиз билан танишганимдан жуда хурсанд бўлдим,- деди Ў.Нарзуллаев отамга. - Замон эртага шуларники-да. Очиғи, бугун бир нарсадан хурсандман. Ўқийман, изланаман десанг, ҳамма шароит бор. Олдинги замон билан ҳозирги замонни таққослайдиган бўлсангиз, осмон билан ерча фарқни кўрасиз.
Шуни қувонч билан айтаманки, бугунги ёшларнинг ғайрат-шижоатини кўриб, барча соҳаларда илдамлик, ривожланиш кундан-кунга бўлаверади.

Шу тариқа бош врач бемор масаласидан ортиб, менга ҳам маслаҳатларини берганди. Фарзандларининг бахт-у иқболини кўриб, омон-омон замонда кексалик гаштини сураёттган Ўроқхон Нарзуллаев билан суҳбатлашишнинг завқи бошқача. 82 ёшга кирган бўлса-да бир йигитчалик шаҳди бор. Беморни даволашни меҳр, муомаладан бошлайди.
Ўроқхон Нарзуллаевнинг бой тажрибаси ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам беришини исботлашга ортиқча ҳожат йўқ. Кексалар ҳикматига риоя этилса, ёшлик шижоати кўзланган узоқ манзилга бехато етиш имконини беради. Шунинг учун ҳам халқимиз қариси бор уйнинг фариштаси бор дейди. Орамизда ёши улуғларнинг борлиги бахт саодат ҳисобланади. Уларни ҳурмат қилиш, қадрлаш эса инсон гўзал хулқи, фазилатидан дарак беради.

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.