Мушоира: «Манзилимда порлаб турган нур»

Асадулла Шукуров – Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон ва журналист. Асли Сариосиё туманида туғилган ижодкор Самарқанд адабий муҳитида камол топди. Кўҳна кентдаги қатор нуфузли газеталарда ишлади. Ҳозирда “Ноширлик ёғдуси” нашриёти муҳаррири.

Шоирнинг “Тонг нафаси”, “Тақдир тегирмони”, “Ашки ошиқ”, “Чил баҳору чил хазон”, “Атри ваҳдат”, “Намозгоҳи хуршед”, “Осиёи қисмат”, “Гулбўсаи ишқ”, “Баҳори мактаб”, “Чорбоғ” каби китоблари нашр этилган. Таржимон сифатида бир қатор дарсликлар, Эркин Воҳидовнинг ҳажвий шеърларини тожик тилига таржима қилган.

Қуйида шоирнинг шеърларидан намуна ўқийсиз.

Қуёш намозгоҳи

Самарқанд – бедор-у, уйқусираган,

Кўкўпар минорин ёқасидан жим

Самога боқаркан, янгиланарди

Чок бўлган дилида яралар қадим!

 

Осмон ғамга тўлиб йиғлар, кўз ёши

Минорлар танидан оқиб тушарди.

Гўё эслаб йиғлар сарбадорларин

Осмон, миноранинг тўкилиб дарди.

 

Бемаҳал уйқуга чўмган Самарқанд

Яна умид тонгин кутар интизор.

Ёмғирдан – таҳорат, қалдироқ – азон,

Қуёш намозгоҳи эрур ҳар минор.

 

Заққум асрларнинг зулмати аро

Тарих кўрди минор бўлганин бошлар.

Ёддан чиқарми ҳеч жабру бедодлик,

Эл кўзидан оққан аччиқ кўз ёшлар?

 

Гарчи ғуссалари сиғмас фалакка,

Нега наъра тортмас минор кеча-кун?

Шунча салобату ҳайбати билан

Даврнинг чизиғин кесмайди нечун?

Ваҳм

Бу ҳаётда неча бор ўлдим,

 тўлган каби тубсиз паймонам.

Бу ҳаётда неча марталаб

 тор лаҳадга айланди хонам.

 

Душманларнинг қасдига аммо

 яшайвердим билмасдан чарчоқ.

Шунча алам, шунча ғам билан

 шоду хуррам бўлолдим қандоқ?!

 

Гоҳ ўзимда, гоҳ эдим бехуд

 тирикликнинг йўллари аро.

Бир неча бор ўлардим бироқ

 бандаликни келтирмай бажо!

 

Қўрқувим йўқ ўликдан ҳаргиз,

 мурдавашлар қўрқитар мени.

Ўликдиллар билан яшамоқ,

 алжирашлар қўрқитар мени.

Эй кўнгил!

Ишқ савдоси бошимда маним,

Кетсанг, синар юрагим чил-чил.

Ишончингни қозонолмадим,

Эй кўнгил, эй кўнгил, эй кўнгил!

 

Дилимни ром этган дилбарсан,

Фариштасан чиндан, ишонгил.

Париюзлик бир суманбарсан,

Эй кўнгил, эй кўнгил, эй кўнгил!

 

Бахш этарсан базмимга сурур,

Орамиздан сира ўтмас қил.

Манзилимда порлаб турган нур,

Эй кўнгил, эй кўнгил, эй кўнгил!

 

Менга сира қилмагин жафо,

Менга фақат вафодорлик қил.

Ёғдирарсан жонимга сафо,

Эй кўнгил, эй кўнгил, эй кўнгил!

Асадулла Шукуров.