Мутолаа: Бугун...

(Уйдирмага ўхшаш қисқа ҳаётий ҳикоялар)

Ёшим 20 да, талабаман. Бўш вақтимда катта супермаркетда ярим кунлик фаррош бўлиб ишлайман.

Бугун пол юваётганимда бир кекса одам ёнимга келиб: “Тозалик учун раҳмат, ўғлим! Бу иш қанчалик оғир эканлигини биламан. Ўзим ҳам 20 йил пол ювганман”, деди ва менга қараб таъзим қилди. Унинг мақтовидан, ундан ҳам кўра кўпроқ таъзим қилганидан таъсирланиб кетдим... Йиғладим.

***

Реабилитация марказида мен билан бир хонада бўйи икки метрча келадиган қирқ беш ёшлардаги эркак ётарди. Жисмоний машқларни қилиш учун у жуда оғриқ сезар, лекин у миқ этмасдан оғриқларга чидаб машқларини давом эттирарди. Бугун унинг олдига  уйидаги катта итини олиб келишди, у эса уни икки қўли билан қучоқлаб, баланд овозда увиллаб йиғлади...

***

Кичкиналигимда бувим бозордан менга ҳар хил ширинликларни олиб келиб, уни менга қуён бериб юборганини айтарди. Энди бувим ётиб қолган, зўрға юради, мен унга ҳар хил ширинликларни олиб келаман ва: "Буларни сизга қуён бериб юборди", дейман. Мен бувимни яхши кўраман.

***

Бугун метрода кетаётиб, мусиқа тинглаётгандим. Ёнимдаги ўриндиққа бир кекса аёл келиб ўтирди. Менга қараб юрак стимулятори нотўғри ишлаётганини айтди ва телефонимни ўчиришимни сўради. Шу вақтнинг ўзида бутун вагонда кетаётган одамлар телефонларини ўчириб қўйганини кўриб кўзимга ёш келди.

***

Менга саратон ташхиси қўйилганида, мушугимиз доимо келиб менинг устимда ухлаб оларди. Кейин у ҳам касал бўлиб қолди, аниқланишича у ҳам саратон касаллигига чалинган экан. Мен тузалдим, у эса бугун ҳалок бўлди. Йиғлаб, унга миннатдорлик билдирдим, чунки менинг икки ёш фарзандим бор.

***

Кекса қўшниларимиз бор. Улар ҳар куни бир-бирининг қўлини ушлаб, ташқарига чиқиб, уй яқинидаги скамейкага ўтиришади. Бугун боғда бўлганимда уларнинг суҳбатини эшитиб қолдим. Кекса аёл эрига турли оғриқлардан шикоят қиларди. Чол эса: "Сенда мен бор, менда эса сен, бизга яна нима керак?", деб уни овутди.

***

Мен ҳеч қачон каптарларни ақлли қушлар деб ҳисобламаганман. Аммо ўтган куни дайди ҳайвонларга овқат бериб турадиган қўшни подъездда яшайдиган кекса аёл вафот этди. Ишониш қийин, бугун майит тобутини кириш эшигидан олиб чиқишганда, тўсатдан кўп сонли каптарлар учиб кетди. Уни олиб кетишгандан кейин ҳам қушлар ҳовлида яна бир соатча айланиб юришди. Мен бир вақтнинг ўзида бунчалик кўп сонли каптарларни кўрмаганман, ҳатто кекса  хотин уларга овқат берган вақтларида ҳам.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.