Музейлар - маданий мероснинг муҳим манбаи
Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” мавзусида халқаро форум бўлиб ўтди.
Икки кун давом этган форум доирасида илмий-амалий конференция, кўп жилдли каталог тақдимоти, кўргазма-савдолар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари ташкил этилди.
Форумнинг биринчи кунида Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳамда хорижий ҳамкорлар иштирокида “Музейлар - маданий мероснинг муҳим манбаи: анъаналар ва янгиланишлар” халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Маданий мерос агентлиги, Самарқанд археология институти, Ўзбекистон Фанлар академияси Милллий археология маркази, олий ўқув юртлари, давлат музейлари ходимлари ва бошқа илмий жамоатчилик ходимлари, Қозоғистон, Россия, Франция, Италия каби давлатларидан олимлар иштирок этди.
Мазкур халқаро конференциядан кўзланган мақсад музейшунослик ва археология соҳасини кенг тарғиб қилиш, соҳадаги илмий ўрганиш ва изланишларни ҳамкорликда амалга ошириш, ўзаро тажриба алмашиш, музейшунослик соҳасида тараққий этган ва уларнинг улуши иқтисодиётга сезиларли фойда келтираётган мамлакатлар тажрибасини ўрганиш, ўзбек халқ миллий маданияти анъаналарини намойиш этиш орқали сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек, нафақат Ўзбекистон, балки бутунжаҳон музейшунослиги ҳамда археология соҳасида мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечими юзасидан мутахассислар олдида турган устувор вазифаларни белгилашдан иборат.
- Конференцияда археология мероси объектларини консервация қилиш ва музейлаштиришда уларнинг аҳамиятини аниқлаш ва баҳолашнинг аҳамияти, маданий мерос объектларининг аҳамиятини аниқлаш босқичлари, баҳолаш, муҳофаза қилиш ва сақлашдаги ўрни ҳамда бундан келиб чиқадиган мақсад, уларни келажак авлодга етказиш, шунингдек, фойдаланишни йўлга қўйиш усулларини ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокама қилинди, - дейди Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси раҳбари Хўжақул Муҳаммадиев. – Бундан ташқари, археологик ёдгорликларни музейлаштиришда мавжуд турли ёндашувлар ва мезонлар, яъни ёдгорликнинг тарихий аҳамияти, сақланиш даражаси ва бадиий қиймати каби соҳадаги муҳим жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Тадқиқотлар натижасида археологик ёдгорликларни музейлаштириш, консервация ва реставрация қилиш, сақлаб қолиш ва ҳужжатлаштириш борасида амалга оширилган ишлар, уларни амалиётга жорий этиш усулларини йўлга қўйиш таклифлари киритилди.
Форумнинг иккинчи кунида Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Самарқанд музейи дурдоналари” туркумидан “Жаннатмонанд юртга ошуфта ранглар” номли кўргазма ташкил этилди. Мазкур кўргазмада машҳур рассом Лев Бурэнинг Самарқанд давлат музейи-қўриқхона тасвирий санъат фондида сақланаётган элликка яқин рангтасвир асарлари, жумладан, ижодкорнинг тарихий обидаларга бағишланган “Шоҳи Зинда”, “Эски Самарқанд” каби асарлари намойиш этилди. Шунингдек, кўргазмада “Буюк ипак йўли тадқиқотлари” кўп жилдли каталоги тақдимоти ўтказилди.