Наманганда “ЗАГС” пайтида йўлнинг қарама-қарши томонига чиққан "Нексия" юк машинаси тагига кириб кетди (видео)

2019 йил 17 октябрь куни телеграм ижтимоий тармоғининг “Avtopatrul.uz” канали орқали “Наманганда Закс пайтида йўлнинг қарама-қарши томонига чиққан нексия Ман юк машинаси тагига кириб кетди” номли видеолавҳа тарқатилган эди.

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, ушбу ҳолат 2019 йил 29 сентябрь куни соат 11.30 ларда давлат рақами белгиси 50 О 524 СA бўлган “Нексия” русумли автомашина ҳайдовчиси тўй муносабати билан гуруҳ бўлиб ҳаракатланаётган транспорт воситалари таркибида бошқариб кетаётганда содир бўлган.

Мазкур автомашина Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги “Учқўрғон-Бурилма” автомобиль йўлининг 23-километрида ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, бошқарувини йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган “MAN” русумли автомашинага бориб урилган. Оқибатда “Нексия” ҳайдовчиси ва унинг йўловчиси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, “Ана шундай мудҳиш ҳолатларни тасвирга тушириб, интернет тармоқларида тарқатаётган фуқароларимизга мурожаатимиз шуки, ўзгаларнинг мусибатини тасвирга олиб, овоза қилгандан кўра, жабрланганларга ёрдам қўлини чўзсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди”, деб таъкидлаган ИИВ.