Нақд шаклдаги валюталарни олиб кириш ва олиб чиқиш қоидалари ўзгартириляпти

Вазирлар Маҳкамасининг “Ҳукумат айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Келтирилишича, жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ва олиб чиқиб кетилаётган 70 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдордаги нақд валюта йўловчи божхона декларасиясини тўлдириш ва божхона органи ходимига тақдим этиш йўли билан божхона назоратидан ўтказилиши тартиби белгиланган.

Мазкур тартибга киритилаётган ўзгартиришда декларациялаш миқдорини 100 миллион сўм эквивалентидан ортиқ миқдорда этиб белгиланмоқда.

Жисмоний шахслар томонидан декларация тўлдириш талаб этиладиган белгиланган суммадан ортиқ миқдордаги нақд валюта маблағлари декларацияланмаган ҳолда тақдим этилганда, божхона органлари ходимлари томонидан жисмоний шахсларга декларация тўлдириш қоидалари тушунтирилиши тартиби жорий этилмоқда.

Шунингдек, лойиҳа қабул қилиниши орқали валюта олиб кириш ва олиб чиқиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солиниши, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратилиши ҳамда давлат бюджети маблағлари иқтисод қилиниши таъминланади.